BBC navigation

НАТО: Покистон афғон Толибонига ёрдам бермоқда

Сўнгги янгиланиш 1 феврал 2012 - 09:58 GMT

Ҳисобот Покистон-НАТО алоқаларидаги нозик босқичда сирқиб чиқмоқда

Би-би-си қўлига тушган махфий НАТО ҳисоботига кўра, Афғонистондаги Толибонга Покистон хавфсизлик хизматлари тўғридан-тўғри ёрдам бермоқда.

Сирқиб чиққан ҳисобот минглаб тергов ва сўроқларга асосланган бўлиб, Толибон таслим бўлиш ниятида эмаслиги ва афғон халқи орасида кенг дастакка эга эканини намоён қилади.

Би-би-си мухбирига кўра, мазкур ҳисобот халқаро кучлар ва афғон ҳукуматини катта хавотирга солади.

Покистон ташқи ишлар вазирлиги воизи айбловларни "бемаъни" деб атаган.

"Биз Афғонистон ички ишларига аралашмаслик сиёсатига содиқмиз ва бошқа барча мамлакатлардан ҳам бу тамойилга бўйсунишларини кутамиз", - деб айтган Абдул Басит Би-би-сига.

"Барқарор ва тинч Афғонистондан биз манфаатдормиз. Биз бу мақсадимизга бўлган йўлни издан чиқарадиган амалларга қўл ура олмаймиз", - дея қўшимча қилди у.

Ҳисобот Покистон юқори даражали Толибон раҳбарлари қаерда жойлашганини билади дея даъво қилади.

"Биз ISI (Покистон жосуслик хизмати)нинг баъзи қисмлари ва баъзи экстремист оқимлар орасидаги алоқалардан кўпдан бери хавотир олиб келамиз", - деди АҚШ мудофаа вазирлиги воизи Капитан Жон Керби. Бироқ, у Пентагон ҳали ҳисобот билан танишиб чиқмаганини айтди.

Покистон Ташқи Ишлар Вазири Ҳина Раббоний Хар ҳозирда Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай билан музокаралар ўтказиш учун Кобулда сафардадир.

"Маълумот"

Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Куэнтин Соммервилга кўра, янги ҳисобот Покистон жосуслик хизмати ва Толибон ўртасидаги алоқани илк марта тўлалигича фош қилмоқда.

Ҳисобот 4 мингдан ошиқ қўлга олинган Толибон, ал-Қоида жангарилари ва бошқа хорижий жангчилар, ҳамда оддий фуқаролар билан олиб борилган 27 мингта сўроққа асосланади.

Ҳисобот Покистон Толибоннинг юқори раҳбариятини аввал қандай бошқарган бўлса, шундай бошқаришда давом этаётганини айтади. Унга кўра, Покистон Толибон раҳбарлари қаердан туриб амал қилаётганидан бохабардир.

Унда, "Насриддин Ҳаққоний каби юқори мартабали Толибон вакиллари Исломободдаги ISI қароргоҳининг ёнгинасидан уй олишган"и айтилади.

Унда қўлга олинган ал-Қоида аъзоси "Покистон ҳамма нарсани билади, ҳамма нарсани назорат қилади. Мен Кунарда туриб дарахтга сийсам ҳам улар қараб турган бўлишади", - деб айтади.

"Толибон Ислом эмас. Толибон бу Исломобод", - дея қўшимча қилади у.

Мухбиримизнинг айтишича, ҳисобот Толибон Покистон жосуслик хизмати назорати остида ўзини қопқонга тушиб қолгандек ва ҳеч қачон унинг таъсиридан қочиб қутила олмайдигандек сезаётганини кўрсатишга уринади.

Лекин, айни дамда ҳисоботда "Бу ҳужжат исёнчилар сўзларидан тузилгани учун фақат маълумот сифатида қабул қилиниши керак, таҳлилий ҳужжат сифатида эмас", дейилади.

НАТОнинг мамлакатнинг афғон қўшинлари қўлига топшириш стратегиясига қарамай, махфий ҳужжат исёнчилар ва афғон ҳарбийлари ва полицияси ўртасидаги кенг ҳамкорликнинг тафсилотларини тақдим қилади.

НАТОнинг халқаро хавфсизликни таъминлаш кучлари (Isaf)нинг воизи Жимми Каммингс мазкур ҳужжат "оммага ошкор қилиниши кўзда тутилмаган ички ҳужжат" бўлганини айтди.

"Махфий дея белгиланган ҳужжатлар ҳеч қандай шароитда муҳокама қилинмаслиги керак", - деди у.

Ҳисобот, шунингдек, афғон халқи орасида Толибонга кўрсатилаётган давомий дастакни ҳам тасвирлайди. Унга кўра, ал-Қоида таъсири сусаймоқда, лекин Толибон таъсири ошиб бораяпти.

Толибон таъсири

Ҳисобот хулосада ўтган йили Толибон ғоясига қўшилишга ҳатто афғон ҳукумати вакиллари орасида ҳам мисли кўрилмаган кўп қизиқиш бўлгани айтилади.

"Афғон фуқаролари одатда ҳукуматнинг порахўрлиги туфайли Толибон бошқарувини афзал кўрадилар", дейилади унда.

Ҳисобот Толибон баъзи ҳудудларда ўз ҳужумлари сонини атайлаб камайтириб, НАТОнинг Афғонистондан чиқиб кетишини тезлаштиришга уринаётганига исбот келтиради.

Унда ёзилишича, хорижий кучлар чиқиб кетган ҳудудларда Толибон таъсири ошган ва бунга одатда ҳукумат қўшинлари қаршилик кўрсатмаган. Кўп ҳолларда афғон полицияси ва армия бунга фаол ёрдам берган.

Хорижий аскарлар чиқиб кетганидан сўнг афғон хавфсизлик қўшинлари тўла назоратни қўлга олишлари кутилади.

Ҳисобот Толибон таслим бўлиш ҳақида ўйламаётганини ҳам айтади.

"Ҳозирча улар жангни давом эттириш ва Толибон бошқарувини кенгайтириш ягона йўл деб билишади", дейилади унда.

Ҳужжатда айтилишича, афғон хавфсизлик кучлари милтиқлар, тўппончалар ва оғир қуролларни Покистон бозорларида сотмоқда.

У Толибон аъзолари ўз ишлари учун маош ёки молиявий имтиёзлар олмасликлари, лекин уларнинг амалиётлари гиёҳванд моддалар савдоси билан молияланишини айтади.

Лекин, ҳисоботга кўра, Толибоннинг асосий даромади ҳайриядан келади, "Толибон аъзолари кимликларини яширмай эшикма-эшик юрадилар", дейди у.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.