BBC navigation

БМТнинг Сурия борасидаги мунозараси натижасиз якунланди

Сўнгги янгиланиш 1 феврал 2012 - 12:09 GMT

АҚШ илгари сураётган резолюция лойиҳаси Россия ва Хитой қаршилигига учради

Бирлашган Миллатларнинг Хавфсизлик Кенгашида Сурия масаласини муҳокама қилган йиғин келишувсиз ниҳоясига етган.

Кенгаш Араб Лигасининг Суриядаги зўравонликларга чек қўйиш ва Президент Башар ал-Ассаднинг лавозимдан кетишига чақирган режасини қабул қилишни муҳокама қилди.

Қатар бош вазири кенгаш аъзоларини жаноб Ассаднинг, ўз таъбирида, "қотиллик машинаси"га қарши чора кўришга ундади.

Лекин, Хитой ва Россия мазкур режа тузум ўзгаришини англатишини айтишган ва Араб Лигаси таклифига қарши қолишмоқда.

"Россия кимдандир лавозимдан кетишни сўрамайди", - деб айтган Россия Ташқи Ишлар Вазири Сергей Лавров.

"Ҳа, биз оддий фуқароларга қарши ҳукумат қўшинлари куч ишлатишини қаттиқ қоралаймиз. Лекин, биз айни дамда ҳукумат мавқеъларига ҳужум қилаётган экстремист гуруҳларни ҳам қоралаймиз", - деди жаноб Лавров.

"Хитой Сурияда мажбуран тузум ўзгаришининг амалга оширилишига қарши, чунки бу БМТ низоми ва халқаро алоқаларни бошқарадиган энг асосий қонунларга хилофдир", - деди йиғинда чиқиш қилган Хитойнинг БМТдаги элчиси Ли Баодонг.

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон сўнгра таклифнинг матни устида музокараларни давом эттиришни таклиф қилди.

"Келгуси бир неча кун ичида Президент Ассад ва унинг тузумига аниқ ишора берадиган резолюцияни қабул қилиш учун ҳаракатларимизни давом эттирамиз", - деди Клинтон ҳоним.

Нью-Йоркдаги мухбиримиз Барбара Плеттга кўра, Ғарб давлатлари сешанба куни ўтган йиғин Россия қаршилигини юмшатади дея умид қилишганди.

Айни дамда, Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин резолюция лойиҳаси Россия ҳукумат аввалроқ тақдим қилган, лекин Ғарб ва Араб Лигаси томонидан жуда нимжон дея рад қилинган матннинг баъзи бобларини ўз ичига олганини айтди.

"Бу бизга умид бағишлайди. Биз Хавфсизлик Кенгаши Сурия масаласида муросага эришади деб умид қиламиз, бу нафақат имконли, балки зарур", - деди Чуркин жаноблари.

Сурияда аксил-ҳукумат намойишлар март ойида бошланганидан бери 5400дан кўпроқ одам ўлгани хабар қилинади. Зўравонлик авж олмоқда.

Зўравонликни тўхтатишни талаб қилаётган резолюция лойиҳаси давлатларни Сурияга қурол сотмасликка чақиради, лекин қурол-яроғ эмбаргосини таклиф қилмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.