Оятуллоҳ Хоманаий: Эрон ҳар қандай ҳарбий таҳдидга жавоб қайтаради

Оятуллоҳ Хоманаий Фото муаллифлик ҳуқуқи khamenei.ir
Image caption Жаноб Хоманаийга кўра, санкициялар Эронни ядровий дастурни амалга оширишдан тўхтатиб қололмайди

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Хоманаий мамлакатида ғарб санкцияларига қарши жавоб бериш учун етарли воситалар мавжудлигини айтди.

Жаноб Хоманаийнинг бу огоҳлантириши Теҳронда жума намози пайтида ўқиган хутбасида янгради.

Шу кунларда Эронга қарши Оврўпо Иттифоқи нефт эмбаргосини ва Қўшма Штатлар эса молиявий санкцияларни жорий қилди.

Олий раҳбарнинг айтишича, санкциялар Эроннинг ядровий йўлдан қатъият билан боришига ҳеч қандай таъсир кўрсата олмайди.

"Нефт эмбаргоси ва уруш таҳдиларига жавобан бизда, маврида келганда, қўллайдиган ўз воситаларимиз бор", деди Оятуллоҳ Хоманаий.

Бироқ Эрон олий раҳбари бу воситалар нималардан иборат бўлишини маълум қилгани йўқ.

Ўтган ойларда Эрон сиёсатчилари ва расмийлари Форс кўрфазидаги Ҳурмуз бўғосини беркитиб қўйиш билан таҳдид қилишган эди.

Ўта тор бўлган ушбу бўғоз орқали дунё нефтининг бешдан бир қисми ўтади.

Оятуллоҳ Хоманаий огоҳлантириши Исроил Мудофаа вазири Эҳуд Барак изоҳи ортидан янграмоқда.

Эҳуд Барак агар санкциялар Эронни ядровий қуролни барпо этиш ҳаракатларидан тўхтатиб қололмаса, Исроил Эронга ҳамла қилиш масаласини кўриб чиқади деб айтганди.

Бу мавзуда батафсилроқ