Украинада қаҳратон совуқ 100дан ошиқ инсон ҳаётига зомин бўлди

Овқатланиш маркази Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Украина бўйлаб 3 мингдан ортиқ овқатланиш ва исиниш марказлари ташкил этилган

Украина ҳукуматининг эълон қилишича, мамлакатда ўтган жума кунидан буён қаҳратон совуқдан 101 инсон ҳалок бўлган.

Ўлганларнинг аксари уйсиз инсонлар бўлиб, уларнинг 64 нафари кўчаларда музлаб қолишган, дея хабар беради Украина Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Хабарларга кўра, яна юзлаб инсон шифохонага ётқизилган.

Шу ҳафта шарқий Оврўпонинг баъзи нуқталарида ҳаво ҳарорати -35 даражага тушиб кетди.

Полшада пайшанба кунининг ўзида камида 8 инсон ҳалок бўлган. Полша расмийларига кўра, ўтган бир ҳафта ичида бу мамлакатда совуқдан ўлганлар сони 37га етган.

Шарқий ва марказий Оврўпонинг бошқа мамлакатларида ҳам совуқ ҳаводан инсонлар ўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Сербиянинг тоғли минтақаларидан бирида камида 11 минг аҳолига эга қишлоқ ташқи дунёдан ажралиб қолган, дея хабар беради Ассошиейтд Пресс агентлиги.

Украина ҳукумати мактаб ва коллежларни беркитишга буйруқ берган, мамлакатнинг 3 мингдан ортиқ нуқтасида исиниш ва бепул овқатланиш марказлари ташкил этилган.

Соғликни сақлаш вазирлиги шифохоналарга уйсиз беморларни жавоб бермасликка топшириқ берган.

Январ ойида Россияда, Интерфакс агентлигига кўра, совуқдан 64 инсон ҳалок бўлган.

Қозоғистон пойтахти Остонада ҳаво ҳарорати -35 даражада қайд этилган.