Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Москвада ҳукумат ва мухолифатнинг оммавий намойишлари бўлиб ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Мухолифат юришида 100 мингдан зиёд инсон қатнашгани хабар қилинади

Россия пойтахти Москва ўн минглаб одамлар Бош вазир Владимир Путин ҳукуматига қарши юришда иштирок этганлар.

Бу декабр ойида бўлиб ўтган зиддиятли парламент сайловларидан буён ўтказилган учинчи намойишдир.

Аммо жаноб Путин тарафдорлари Москванинг бошқа нуқтасида ўз юришларини ташкил этганлар.

Владимир Путин келгуси ой бўлиб ўтажак президентлик сайловида ўз номзодини илгари суришини эълон қилган.

-19 даражали совуқ ҳаво ҳам одамларни намойишда иштирок этишдан тўхтатиб қола олмаган.

Москвадаги Би-би-си мухбири Даниел Сандфорднинг айтишича, бу галги намойишда қатнашганларнинг сони тахминан ўтган галги намойишлар сингари бўлган. Декабр ойида бўлиб ўтган юришда, ташкилотчилар ҳисоб-китобига кўра, 120 мингга яқин одам иштирок этганди.

Бироқ Москва полицияси шанба кунги юришда бор-йўғи 23 минг одам иштирок этганини айтган.

Полицияга кўра, Путинни тарафдорлари намойишида 100 мингдан ошиқроқ одам иштирок этганини айтган.

"Бу ерга барча ўз ихтиёри билан келган," - дейди мухолифат намойишида иштирок этганлардан бири. - "Менинг баъзи дўстларимни корхоналаридан Путин тарафдорлари намойишида қатнашишга мажбурлашибди."

Кузатувчиларга кўра, намойишда қанча одамнинг иштирок этиши мухолифатнинг нималарга қодирлигини кўрсатади.

Босим

Оқ лента тақиб олган аксил-Путин намойишчилар Калужная майдонидан Болотная майдонигача бўлган юриш охирида осмонга оқ шарларни учирганлар.

Улар "Путин, йўқол!" ва "Россия Путинсиз!" деган шиорларни айтиб ҳайқиришган; Би-би-си мухбирига кўра, плакатлардан бирига "Путин уятсиз ва виждонсиз одам", деган ёзув бўлган.

Жаноб Путин жума куни ўз тарафдорларига уни қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказишлари учун миннатдорчилик билдирди.

"Мен улардан миннатдорман ва уларнинг қарашларига шерикман," деди у ва намойишчилардан иссиқроқ кийиниб олишни сўради.

Мухолифат декабр ойида бўлиб ўтган парламент сайловини қайта ўтказишни талаб қилмоқда ва халқни март ойида бўлиб ўтажак президентлик сайловида Путинга овоз бермасликка чақирмоқда.

Би-би-си мухолифат юришида иштирок этган ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев билан суҳбатлашди.