BBC navigation

Ғарб Хитой ва Россиянинг Сурия борасидаги ветосини қоралади

Сўнгги янгиланиш 5 феврал 2012 - 10:41 GMT

Сурияда қон тўкилишда давом этмоқда

Ғарб давлатлари Россия ва Хитойни Сурия ҳукумати амалларини қораловчи БМТ резолюциясига тўсиқлик қилганини қоралашган.

Резолюция Сурия Президенти Башар ал-Ассад маъмуриятининг намойишчиларни куч билан бостириш сиёсатини қоралаши кутилганди, лекин Россия ва Хитой бунга вето қўйишган.

АҚШ ветони "уятли" дея тасвирлади, Британия эса у Сурия халқининг манфаатида эмаслигини айтди. Франция ҳам ўз норозилигини изҳор қилди.

Россия ва Хитой таклиф қилинган резолюция лойиҳаси "мувозанатсиз" бўлганини айтганлар.

Мазкур ҳужжат рад қилинишидан бир неча соатгина аввал Сурия қўшинлари Ҳомс шаҳрида камида 55 кишини ўлдиришда айбланганлар.

Ҳомсга исёнчилар билан киришга муваффақ бўлган Би-би-си мухбири Пол Вуд шаҳарда оғир қуроллар овози эшитилаётганини билдирди.

Якшанба куни Сурия ҳукуматига мухолиф намойишчилар Австралия пойтахти Канберрадаги Сурия элчихонасига бостириб кирганлар.

Полиция камида 40 эркак эшикни бузиб кириб, жиҳозларга шикаст етказганлари ва компьютерларни ўғирлаганларини хабар қилди.

Бунга ўхшаш ҳужумлар аввалроқ Яқин Шарқ ва Оврўподаги Сурия элчихоналарида ҳам амалга оширилган.

"Сурия халқини сотиш"

Американинг БМТдаги элчиси Сюзан Райс шанба кунги овоз бериш жараёнини "уятли" дея тасвирлади, ҳамда Россия ва Хитой "бир қўрқоқ зулмкорни деб Сурия халқини сотиш"ни мақсад қилиб олишганини айтди.

Канберрадаги Сурия элчихонаси вайрон қилинди

Бундан буёғига тўкиладиган ҳар томчи қон Россия ва Хитойнинг қўлида бўлади", - деди у.

Британия Ташқи Ишлар Вазири Вилям Ҳейг эса баёнот чиқариб, Москва ва Пекиннинг қадами Сурия халқини унутиб қўйганини айтди ва бу вето Президент Ассаднинг "шафқатсиз режимини яна кўпроқ қотилликларни амалга оширишга рағбатлантиради" деди.

Парижда Франция Президенти Никола Саркози ветони қаттиқ қоралашини билдирди, лекин муаммо ечимини қидиришда давом этишга ваъда берди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳозирги кундаги ягона араб аъзоси бўлмиш Марокашнинг БМТдаги элчиси Муҳаммад Лулички Москва ва Пекиннинг ветосидан қаттиқ ҳафсаласи пир бўлганини айтган.

Резолюция лойиҳаси "Сурияликлар бошчилигида демократик, кўп-партиявий сиёсий ўзгаришлар" бўлишини назарда тутган.

Лекин, Россия бу лойиҳа Сурия ҳукуматини ажратиб кўрсатгани ва қуролли мухолиф гуруҳларга қарши ҳеч қандай чораларни кўзда тутмаганини айтган.

Россиянинг БМТдаги элчиси Виталий Чуркин лойиҳани мувозанатсиз дея тасвирлади.

"Афсуски, халқаро ҳамжамиятнинг баъзи қудратли аъзолари сиёсий ечимдан кўра, тизим ўзгаришини талаб қилишмоқда, ва мухолифатчиларни қудрат томон силжитишмоқда", - деди у.

Пекиннинг БМТдаги элчиси Ли Баодонг Сурия ҳукуматига босим ўтказиш билан можарони ечим бўлмаслигини айтган.

Дамашқдаги Ассадпараст тарафдорлар Хитой ва Россия қарорини ҳуш қарши олишган.

"Биз Хавфсизлик Кенгаши қайғуриши лозим бўлган муҳимроқ масалалар бор деб ўйлаймиз... Сомали ва Ғазога ўхшаган", - деди бир тарафдор Би-би-сига.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.