Сомали исломий гуруҳи "Ал-Қоида" билан бирлашади

al-shabab Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сомалининг Ал-Шабаб исломий гуруҳи катта ҳудудни назорат қилади

Сомалидаги Ал-Шабаб исломий гуруҳи улкан террорчи гуруҳ деб қараладиган "Ал-Қоида" билан бирлашишини эълон қилган.

Икки гуруҳ биргаликда чиқарган видеоёзувда Ал-Шабаб етакчиси, Мухтор Абу Зубайр исми билан ҳам машҳур Аҳмад Абду Ҳодан ўзининг жангчилари номидан "Ал-Қоида" раҳбари Айман аз-Завоҳирийга содиқлигини айтиб қасамёд қилган.

Ал-Шабаб ва " Ал-Қоида" бир неча йиллардан буён алоқадор кўрилади.

Сомалилик исломийлар сафида чет элликлар ҳам мавжудлиги айтиб келинади.

Кейинги пайтларда Ал-Шабаб гуруҳи бир вақтнинг ўзида бир неча жойда фаолият юритиб келган.

Сомали ҳукуматининг БМТ ва Африка иттифоқи кўмагидаги кучлари Сомали пойтахти Могадишуни қайтариб олишга эришган.

Шундай бўлсада, Сомалининг маркази ва жануби Ал-Шабаб гуруҳининг назорати остида.

Мухбирларнинг хабар беришича, Ал-Шабаб назоратидаги ҳудудда хайрия ташкилотлари фаолиятининг тақиқланганлиги, Шарқий Африка бошидан кечираётган 60 йил асносидаги энг ёмон қурғоқчилик гуруҳни маҳаллий аҳолининг қўллаб-қувватлашидан маҳрум қилган.

Би-би-сининг Сомали хизмати бош муҳаррири Юсуф Ҳораднинг фикрича, Ал-Шабаб ва " Ал-Қоида"нинг бирлашиши Сомалидаги вазият йўналишини ўзгартириши ва "Ал-Қоида" таъсир доирасини мустаҳкамлаши мумкин.

Жиҳодчилар сайтига қўйилган араб тилидаги видеоёзувда " Ал-Қоида" раҳбари Айман аз-Завоҳирий унинг сафдошлари воқеанинг бундай ривожини қувватлашларини айтган.

" Ал-Қоида" йирик халқаро операциялар пайтида ўз мавқеъини мустаҳкамлаши жуда муҳим",- деган австралиялик эксперт Леа Фаррал Рейтер агентлигига берган интервьюсида.

Ал-Шабабнинг "Ал-Қоида" қаноти остига ўтганлиги ғарб мамлакатларидаги фаолиятнинг бошланишига белги бўлиши мумкин.

1990 йилларнинг бошидан буён Сомалида фуқаролик можаролари давом этиб келади.

Мамлакатда муқим марказлашган ҳукумат мавжуд эмас.