Сурия кризиси : Обама Ҳомсга қилинган ҳужумларни қоралади

obama Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Америка президенти Ҳомсдаги ҳужумларни шафқатсиз деб баҳолаган

Америка президенти Барак Обама Сурия армиясининг Ҳомс шаҳрини шафқатсиз ўққа тутаётганини "ғазабга келтирувчи, шафқатсиз қон тўкиш" деб баҳолаган.

Бир интернет фаолининг айтишича, пайшанба кунининг ўзида Ҳомсда 110 киши ўлдирилган.

Ўтган ҳафтада юзлаб одамлар қурбон бўлган.

Сурия давлат телевидениесига кўра , Алеппо шаҳрида содир бўлган икки портлаш натижасида камида 25 киши ҳалок бўлган.

Хабарда айтилишича, Алеппода жойлашган ҳарбий база қуролланган жангариларнинг мақсади бўлган.

Мухолиф кучлар эса бу портлаш ортида ҳукуматнинг ўзи турганини айтган.

Айни пайтда, Олмония Араб Лигаси аъзоларининг миссиясини қайтариш имконини қувватлаган.

Халқаро ҳамжамият Россия ва Хитойнинг ўтган ҳафтада Сурия ҳукуматига қаратилган БМТ резолюциясига вето қўйишганидан кейин пайдо бўлган мураккаб вазиятни муҳокама қилмоқда.

Европа иттифоқининг халқаро муносабатлар бошлиғи Кетрин Эштон Россияни " жойдаги ҳақиқий вазиятдан кўз юммаслик"ка чақирган.

Олмония Ташқи ишлар вазири Гидо Вестервел БМТ билан ҳамкорликда Араб Лигаси миссиясининг тикланиши " тинчлик ва мувозанатни сақлашга хизмат қилиши"ни айтган.

Жаноб Вестервел бу миссия " халқаро ҳамжамият томонидан Башар ал-Ассад тузумига аниқ огоҳлантириш бўлади", деган.

Олдинроқ БМТ бош котиби Пан Гу Мин Араб Лигаси раҳбари Наби ал- Арабий у билан суҳбатда Араб Лигаси миссиясини тиклашда БМТ дан кўмак сўраганини айтган. Пан Ги Мун ҳам Ҳомсдаги ҳарбий ҳужумларни қаттиқ қоралаган.

Яқин Шарқ масаласи бўйича маслаҳатчи Жефри Фелтман Марокко, Франция ва Баҳрайнда бўлиб, аъзо давлатларнинг ҳамкорлигини муҳокама қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Алеппо шаҳрида ҳам портлашлар содир бўлган

Суриядаги учинчи катта шаҳар Ҳомс Башар ал-Ассад тузумига қарши 11 ойдан буён давом этаётган исёнларнинг марказига айланган.

Ливандан туриб хабар берган Би-би-си мухбири Жим Мур Баба Амр туманида қуролланган исёнкорлар билан бирга кўплаб тинч фуқаролар ҳам борлигини айтган.

Ҳужумлар тўхтаб турган қисқа фурсатдан сурияликлар донорлик қонини сўраб мурожаат қилмоқдалар, деб хабар беради Ассошейтед Пресс агентлиги.

Касалхоналар қурбонлар ва ярадорларга тўлиб кетган.

Шимолий Идлиб, жанубий Дера вилояти ва Забадани шаҳрида ҳам исёнкорлар ҳужумга тутилган.

Ҳукуматга қарши кучларнинг хабарига кўра, пайшанба куни бутун мамлакат бўйлаб 134 киши, жумладан Хомсда 110 киши ўлдирилган.

Қурбонлар ҳақида аниқ маълумотни олиш имкони йўқ.

Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг халқаро ҳамжамиятнинг мақсади Сурия исёнкорларини қуроллантириш эмас, балки қотил режимни тугатишга қаратилганини айтган.

Олмония тўрт россиялик дипломатни Сурия мухолифати билан махфий алоқада гумон қилиб мамлакатдан чиқариб юборган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари қўзғолон бошланган ўтган йилнинг март ойидан бошлаб камида 7000 та киши қурбон бўлганини хабар беришган.

Башар Ассад ҳукумати эса камида 2000 хавфсизлик кучлари одамлари ўлдирилганини айтган.