Араб Лигаси Сурия инқирозини яна муҳокама этмоқда

arab_league Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Эндиги учрашув зўравонликларга чек қўйишнинг янгича ёндашувини ишлаб чиқиш мақсадини кўзлаган.

12 феврал куни Араб Лигасига аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Сурияда ниҳояси кўринмаётган зўравонликларни муҳокама этиш мақсадида Қоҳирада учрашмоқдалар.

Учрашув кун тартибидаги асосий масалаларнинг Сурияга БМТ ва Араб Лигаси вакиллари иштирокидаги қўшма кузатувчилар гуруҳини юбориш ва Сурия мухолифатини расман эътироф этиш экани хабар қилинган.

Араб Лигасининг ушбу учрашуви БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурия бўйича якдил резолюцияга эришилмагани ортидан бўлиб ўтмоқда.

Хавфсизлик Кенгашининг Сурия ҳукуматига нисбатан янада кўпроқ босим ўтказиш мақсадини кўзлаган резолюциясига кенгашнинг икки доимий аъзоси Россия ва Хитой вето қўйганидан кейин у қабул қилинмади.

Эндиги учрашув зўравонликларга чек қўйишнинг янгича ёндашувини ишлаб чиқиш мақсадини кўзлаган.

2010 йил мартидан буён давом этаётган Президент Башар ал-Асад бошқарувига қарши чиқишлар ва ундан кейин рўй берган зўравонликлар оқибатида мамлакатда 7000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Айни пайтда Сурия ҳукумат кучларининг Ҳомс ва унинг атрофига янги ҳужумлари оқибатида янада кўп инсонлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлар олинмоқда.

Суриялик фаолларга кўра, Ҳомс шаҳридаги қуролли мухолифат жангарилари жойлашган мавзеъларни бомбардимон қилиш давом этган, шанба кунида 35 инсон ҳалок бўлган.

Сурия ҳукумат кучлари Забадоний шаҳрига кириб боргани хабар қилинган.

Сурия расмийларига кўра, пойтахт Дамашқ шимолидаги уйи ёнида ҳарбий шифохона раҳбари бригада генерали доктор Иса ал-Хулий «қуролланган террорчилар гуруҳи" томонидан отиб ўлдирилган, бу мамлакатда ғалаёнлар бошланганидан буён мамлакат юқори лавозимли расмийсига уюштирилган илк суиқасд бўлган.

Араб Лигаси Сурияга ўз кузатувчиларини юборган, лекин қон тўкилишлари тўхтатилмагани боис январ ойида кузатувчиларини чақириб олган эди.

Қоҳирадаги учрашувга Суриядаги асосий мухолифат гуруҳи Сурия Миллий Кенгаши ҳайъати ҳам етиб борган.

13 феврал куни БМТ Бош ассамблеяси йиғини кун тартибига Суриядаги вазият муҳокамаси киритилган. Унда ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нэви Пиллай ҳисоботининг тингланиши кутилмоқда.

Шундан сўнг Бош ассамблея резолюцияси қабул қилиши кутилмоқда, бироқ бу резолюция БМТ Хавфсизлик Кенгашиникидек ҳуқуқий кучга эга эмас.