Мусулмон даъватчи Абу Қатада уй қамоғига ўтказилади

abu_qatada
Image caption Абу Қатада ўзининг депортация қилинишига қарши олти йилдан буён курашиб келган

Британиялик мусулмон даъватчи Абу Қатада яқин соатларда Британия қамоқхонасидан озод қилинадиган бўлди.

Баъзи бир оммавий ахборот воситалари уни аллақачон қамоқхонадан озод қилиниб, уй қамоғига ўтказилганини хабар беришган.

Ўтган ҳафтада Британия маҳкамаси Абу Қатада инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасида Иорданияга депортация қилинишига қарши қарорни ютиб чиққанидан сўнг уни кафолат остида озод қилиб, уй қамоғига ўтқазиш қарорини чиқарган эди.

Британия ҳукумати уни миллий хавфсизликка хавф солишини айтган.

Абу Қатада Иорданияда террорчиликда айблангани боис, гўёки у хавфсизлик хавотирларини туғдиради.

Қатада ўзини депортация қилинишига қарши маҳкама қарорига қарши олти йилдан буён курашиб келган.

Олдинроқ Оврўпо маҳкамаси Абу Қатаданинг Британиядан Иорданияга депортация қилинишини тўхтатиб қолганди.

Оврўпо маҳкамаси агар у депортация қилинса, маълумот олиш учун қийноққа солиниши мумкин деган,хулосага келган.

Шунингдек, Британия ва Иордания ҳукумати расмийлари Абу Қатада депортация қилинса, қийноққа солинмаслиги ҳақида олдиндан келишишган.

Ўз навбатида, Британия ҳукумати уч ой ичида Абу Қатадани депортация қилмаслик бўйича аниқ ҳаракат қилиши лозим ёки уни кафолат остида озод қилиш шартлари бекор қилинади.

Абу Қатада қаттиқ кафолат талаби билан озод қилиниши айтилган.

У Соат 22:00 дан кейин коммендантлик вақтига риоя қилиши ва электрон соат тақиб юриши шарт.

Қатада ўз уйидан бир кунда икки марта энг кўпи билан бир соатга ташқарига чиқиши мумкин.

Интернет ва қўл телефонидан фойдаланиш таъқиқланади.

Би-би-си мухбири Бен Андонинг Британия расмийлари маълумотига таяниб хабар беришича, Қатада душанба куни кечгача озод қилиниши керак.Бироқ аниқ вақти номаълум.

Ўтган ҳафтада Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон ва Иордания қироли Абдулла ўзаро телефон мулоқотида Қатада ишида биргаликда " қарор" беришга келишишган.

Дэвид Кэмерон инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси чиқарган қарордан "ҳафсаласи пир бўлган"ини айтган.

Жаноб Кэмеронга кўра, ислом даъватчиси аллақачон Иорданияга депортация қилиниши керак эди. Унинг айтишича, Лондон бунга эришиш учун барча имкониятларини ишга солиши керак.

Ҳақиқий исми шарифи Умар Усмон бўлган Абу Қатада, Оврўпода жиҳод ғоясини қўллаб-қувватлаган энг нуфузли даъватчилардан ҳисобланади.

Абу Қатаданинг ислом дунёсидаги таъсири кучли бўлиши билан бирга у Британия қонунларига доимо амал қилиб келган.

Абу Қатаданинг ҳимоячиси Эд Фитжералд ўзининг ҳимоясидаги одам " қариийб 10 йил давомида кузатувда ва 6 йил қамоқда бўлган бўлсада,унга ҳеч қандай расмий айблов қўйилмагани, ҳибсда фақат " миллий хавфсизлик" нуқтаи назаридан ушлаб турилганини айтган.