Тожикистон Мудофаа вазирлиги: Афғонистонда қулаган бизнинг тикучаримиз

afghanistan_helicopter Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption Тикучар экипажининг 4 аъзоси тожикистонлик ҳарбий учувчилар бўлганлар

Тожикистон Мудофаа вазирлиги Афғонистон жанубидаги Забул вилоятида ҳалокатга учраб тўрт инсон умрига зомин бўлган МИ-8 тикучари вазирликка тегишли бўлганини эълон қилган.

"МИ-8 МТВ тикучари Тожикистон ҳарбий-ҳаво кучлари ва Ракетага қарши мудофаа тизими таркибида бўлган", деб айтган вазирлик воизи.

Тикучарнинг 11 феврал куни Забул вилоятининг етиб бориш қийин бўлган минтақасида ҳалокатга учрагани маълум қилинган.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги шу муносабат билан эълон қилган баёнотида тикучар ҳалокатига ёмон об-ҳаво шароити сабаб бўлгани айтилади.

"Учиш аппаратининг ҳалокати сабаблари ўрганилмоқда. Лекин ўша куни об-ҳаво шароити ёмонлашгани, довул бўлиб қор ёғаётгани аниқ бўлган», деб айтган вазирлик мулозими.

Тикучар экипажининг 4 аъзоси тожикистонлик ҳарбий учувчилар бўлганлар.

Мудофаа вазирлигига кўра, МИ-8 тикучари 2011 йилнинг май ойидан бошлаб Афғонистондаги АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар таъминотига ёрдам етказишга жалб этилган.

Тикучарнинг Афғонистондаги халқаро коалиция кучлари таркибида етиб бориш қийин бўлган минтақаларга озиқ-овқат, ичимлик суви ва дори-дармонлар етказиш билан шуғуллангани айтилган.