Туркман сайлов комиссияси: Бердимуҳамедов 97 фоиз овоз тўплаган

berdymukhammedov Фото муаллифлик ҳуқуқи ap
Image caption Сайлов олдидан ҳам кўпчилик Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яна икки иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмагандилар.

Туркманистон Марказий Сайлов комиссияси 12 феврал куни ўтказилган президентлик сайлови дастлабки натижаларини эълон қилган.

Комиссияга кўра, жорий Президент Гурбангули Бердимуҳамедов 97,14 фоиз овоз тўплаган.

Марказий Сайлов комиссияси раиси Ўрозмират Ниязлиев эълон қилишича, якшанба кунги сайловда мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 96,7 фоизи иштирок этганлар.

Президент Гурбангули Бердимуҳамедов билан бирга яна 7 номзод рўйхатга олинган, жаноб Бердимуҳамедов раҳбарлигида мамлакатда катта муваффақиятларга эришилганини айтган бу номзодлар ҳам Гурбангули Бердимуҳамедов учун овоз беришларини эълон қилган эдилар.

Сайлов комиссиясига кўра, бошқа номзодлар 0,16 фоиздан 1,7 фоизгача овоз йиққанлар

Тукрманистон сайлов қонунчилигига биноан жами овозларнинг ярмидан кўпини тўплашга муваффақ бўлган номзод ғолиб чиққан деб ҳисобланади.

Сайлов олдидан ҳам кўпчилик Президент Гурбангули Бердимуҳамедовнинг яна икки иккинчи муддатга сайланишига шубҳа қилмагандилар.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти Туркманистондаги президентлик сайловига ўз кузатувчиларини юбормаган.

Ташкилот мамлакатда демократик ислоҳотлар ўтказилмаганини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланмаганини танқид қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Овоз бериш жараёнлари арафасида номзодларнинг барчаси жорий президентни мақташган

Аввалроқ давлат телевидениеси орқали намойиш этилган лавҳада сайловчилардан бири "азиз Президент, албатта сайловда бошқа номзодлар қатнашади...аммо бизнинг ўз президентимиз бор! Бизнинг президентдимиз қуёшдан меҳр ёғдиради, бошқа президент бизга нима керак?"- деб айтган.

Муҳожиротда яшаётган туркман адиби Ак Велсапарга кўра, жаноб Бердимуҳамедов ҳокимиятга келган 2007 йилда халқда нисбатан умид бор эди.

“Бугун Бердимуҳамедов Туркманистонда ислоҳотлар ўтказишига ҳеч кимда умид йўқ. Шахсга сиғинишга келсак... у бу йўлда Туркманбошини ортда қолдирадиган қадамларни ташлаб улгурди”, - дейди Ак Велсапар.

Гурбангули Бердимуҳамедов ҳокимиятга келган илк кунларданоқ мамлакатнинг марҳум биринчи президенти Сапармурод Ниёзов шахсига сиғинишга барҳам бериш томон айрим қадамларни қўйган.

У шунингдек, таълим ва соғлиқ соҳасида халқаро танқидларга сабаб бўлган чекловларни бекор қилган.

Аммо кузатувчилар охирги йилларда жаноб Бердимуҳамедов шахсига сиғиниш кучайиб бораётганига эътибор қаратишади.

Туркманистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Тожигул Бегметова айни ҳолатни жаноб Бердимуҳамедовнинг Президент Ниёзов бошқаруви остида вояга етгани ва мансаб пиллапояларидан юксалгани билан изоҳлайди.

"У пайтлар вазирларга сафар қилиш тақиқланган эди ва шу боис Бердимуҳамедов бошқарувнинг бошқа биронта ҳам кўриниши билан таниш эмас. Шунинг учун ҳам у ҳозирда ўз шахсига сиғинишни яратаяпти",- дейди Тожигул Бегметова.

Айрим кузатувчиларга кўра, бугунги сайловлардан мақсад газга бой Туркманистон халқаро нормаларни қайсидир шаклда бажараётгани ҳақидаги тасаввурни яратишдир.

Бу Туркманистоннинг ўз газини четга сотиш йўлларини турфалаштириш учун муҳим, дейишади таҳлилчилар.