Мусулмон даъватчи Абу Қатада қамоқдан озод қилинган

_abu_qatada
Image caption Абу Қатада қаттиқ кафолат шарти билан қамоқдан чиқарилган

Ҳақиқий исми Умар Усмон бўлган Абу Қатада Британия қамоқхонасидан уй қамоғига ўтказилган.

Абу Қатада Оврўпода жиҳод ғоясини қўллаб-қувватлаган энг нуфузли даъватчилардан ҳисобланади.

Абу Қатада қаттиқ кафолат талаби билан озод қилинган.

У Соат 22:00 дан кейин коммендантлик вақтига риоя қилиши ва электрон соат тақиб юриши шарт.

Қатада ўз уйидан бир кунда икки марта, кўпи билан бир соатга ташқарига чиқа олади.

Интернет ва қўл телефонидан фойдаланиши таъқиқланади.

Ўтган ҳафтада Британия маҳкамаси Абу Қатада инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамасида Иорданияга депортация қилинишига қарши қарорни ютиб чиққанидан сўнг уни кафолат остида озод қилиб, уй қамоғига ўтқазиш қарорини чиқарган эди.

Британия ҳукумати уни миллий хавфсизликка хавф солишини айтган.

Абу Қатада Иорданияда террорчиликда айблангани боис, гўёки у хавфсизлик хавотирларини туғдиради.

Қатада ўзини депортация қилинишига қарши маҳкама қарорига қарши олти йилдан буён курашиб келган.

Олдинроқ Оврўпо маҳкамаси Абу Қатаданинг Британиядан Иорданияга депортация қилинишини тўхтатиб қолганди.

Оврўпо маҳкамаси агар у депортация қилинса, маълумот олиш учун қийноққа солиниши мумкин деган хулосага келган.

Аввалроқ, Лондон томони Абу Қатада қийноққа солинмаслиги ҳақида Иордания расмийлари билан келишувга эришган.