Халқаро Амнистия: Ливия жангарилари назоратдан чиқиб кетган

libya_militia Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Қуроллиларни ҳеч ким назорат қила олаётгани йўқ"

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Халқаро Амнистия ташкилоти огоҳлантиришича, Ливиядаги қўлида қуроли бор жангарилар мамлакат хавфсизлигига таҳдид солмоқдалар.

Халқаро Амнистия ташкилоти Ливияни узоқ вақт бошқарган полковник Муаммар Қаддофийнинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган аксилҳукумат ғалаёнлари бошланганининг бир йиллигига бағишлаб ҳисобот эълон қилган.

Ушбу ҳисобот шу йилнинг январ ва феврал ойларида Ливиядаги вазиятни ўрганиш асосида тайёрлангани билдирилган.

Бу ҳисоботда энг ташвишланарлиси Ливиянинг муваққат ҳукуматига бўйсунмайдиган жангариларнинг кўплиги ва улар содир этаётган ўзбошимчаликлар кўплиги урғуланади.

Халқаро Амнистияга кўра, 2011 йилнинг сентябр ойидан буён қуролли гуруҳлар тутқунликда ушлаб турган камида 12 та Қаддофий тарафдори қийноқлар туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Ўтган ой Бирлашган Миллатлар ташкилоти Ливияда Муаммар Қаддофий тарафида туриб жангариларга қарши жанг қилган 8000 ча киши ҳибсда ушлаб турилганини айтганди.

Ливиянинг ўтиш даври ҳукумати қуролли гуруҳларни назоратга олишга уринмоқда, бироқ ҳозиргача бунинг уддасидан чиқа олаётгани йўқ.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, ўзларининг жазосиз қолишларига ишонган жангарилар инсон ҳуқуқларини поймол этмоқдалар, бундай ҳолатлар чиндан ҳам ҳукумат томонидан текширилмасдан қолиб кетмоқда.

Ташкилот ҳисоботида айтилишича, тутқунликда ушлаб турилганлар бир неча соат мобайнида қамчилар, симлар, пластик ва метал буюмлар билан калтакланганлар, ҳақиқий ва қўлбола электр шокига солинганлар.

"Қуроллиларни ҳеч ким назорат қила олаётгани йўқ", деб айтган Халқаро Амнистия вакили Донателла Ровера.

Текширувчилар Триполи шаҳридаги қамоқхоналардан бирида сўроққа тутувчилар яширишга ҳаракат қилган жуда оғир қийноқларга солинган маҳбусларни топганлар, дейилади халқаро ташкилот ҳисоботида.

Халқаро Амнистияга кўра, Ливияда таҳқирланганлар орасида Африканинг бошқа мамлакатларидан борган муҳожирлар ва қочқинлар ҳам бор, уларни жанговор амалиётлар пайтида Муаммар Қаддофийга жангчи бўлиб ёлланганликда айблаганлар.

Сўнгги ойларда пойтахт Триполи ва бошқа шаҳарларда бир неча инсон ўлимига олиб келган қуролли тўқнашувлар учун ҳам жангариларнинг масъуллиги айтилади.