Фаластинлик болалар автоҳалокатга учраган

bus_crash_west_bank Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Болалар чиққан автобус истироҳат боғига бориш учун йўлга чиққан бўлган

Иордан дарёси Ғарбий соҳили Рамалла яқинида мактаб автобусининг юк машинаси билан тўқнашиб кетиши натижасида камида 8 фаластинлик бола ҳалок бўлган.

Полициянинг хабарига кўра, 10 та бола ўлган, 30 дан ортиқ бола оғир тан жароҳати билан Фаластин ва Исроил шифохоналарига ётқизилган.

50 га яқин бола чиққан автобус, уларнинг орасида беш-олти ёшликлари ҳам бўлган, Қуддуси Шариф шарқидаги Аната қишлоғидан Рамаллага қараб йўл олган бўлган.

Юк машинаси билан тўқнашиб кетган автобус ағдарилган ва кучли ёнғин бошланган.

Расмийларнинг айтишича, ташқи таъсирлардан гумон қилишга ҳеч бир асос топилмаган.

Автобус ҳайдовчиси келиб чиқиши араб бўлган Исроил фуқароси эканлиги айтилган.

Тахминларга кўра, сирпанчиқ трассада ҳайдовчи бошқарувни йўқотган бўлиши мумкин.

"Бу йўл жуда қия ва кучли ёмғир туфайли хавфли сирпанчиқ пайдо бўлган. Автобус ёки юк машинаси сирпаниб, йўналишини йўқотган бўлиши мумкин", - деб айтган ҳодиса жойида бўлган "тез ёрдам" шифокори Шалом Галил Рейтер агентлиги мухбирига.

Унинг айтишича, фаластинлик ва исроиллик шошилинч хизмат ходимлари қўлни-қўлга бериб, ярадорларга биргаликда ёрдам берганлар.

"У ерда фаластинлик ўт ўчирувчилар ҳам бор эди. Исроиллик ўт ўчирувчилар билан тўлиқ ҳамкорликда ҳаракат қилишди", - деган Шалом Галил.

Ҳар хил маълумотларга қараганда, автобусдаги 50 дан 60 тагача боғча ёшидан юқори синф болаларигача бўлган гуруҳ Рамалладаги истироҳат боғига бориш учун йўлга чиқишган.

Шифокорларга кўра, ҳалок бўлганларнинг жасади таниб бўлмайдиган даражада куйиб кетган. Уларнинг ёши 10-16 ёш орасида бўлганлиги айтилган.

Ҳалок бўлганларнинг сони ортиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Бир кун олдин ёғиб ўтган кучли жала трассадаги йўл ҳаракатига ҳалокатли таъсир қилган.

Автобус ҳайдовчиси ҳам жароҳатланган, лекин унинг аҳволи ҳақида маълумотлар йўқ.

Бу фожеа Фаластинда кейинги йилларда рўй берган энг йирик йўл ҳодисаси сифатида қайд этилган.

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилган.