'Эрон ядровий қуролини қўлга киритса, Яқин Шарқда янги Совуқ Уруш бошланади'

Эронда уран стерженини атом реакторига солиш маросими Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Шу ҳафтада Эрон ядровий энергияни қўлга киритишнинг янги босқичини бошлагани ҳақида эълон қилди.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг айтишича, Эроннинг ядровий қуролни қўлга киритиши Яқин Шарқда янги ядровий қуролланиш пойгасини бошлаши мумкин.

Бу ҳақда Британия Ташқи ишлар вазири Daily Telegraph рўзномаси билан суҳбатда эълон қилган.

Жаноб Хейг айтишича, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлиши ортидан минтақадаги бошқа мамлакатлар ҳам Эрондан ўрнак олишга ҳаракат қиладилар.

Бироқ бу янги Совуқ Уруш АҚШ билан СССР ўртасидаги рақобат пайтида йўлга қўйилган хавфсизлик механизмларига эга бўлмайди, деб айтган Уилям Хейг.

"Биз Яқин Шарқдаги вазиятга беқарорлаштирадиган таъсирга эга бўладиган жуда жиддий ядровий қурол тарқалиши таҳдиди олдида турибмиз", деб айтган Британия ташқи ишлар вазири.

Ғарб мамлакатлари фикрича, Эрон ўзининг ядровий режаси билан ядровий қуролга эга бўлиш мақсадини кўзламоқда.

Бироқ расмий Теҳрон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондиришдек тинч мақсадда ядровий дастурини ривожлантираётганини айтиб келади.

Мухбирларга кўра, Ғарб мамлакатлари Яқин Шарқда янги ядровий қуролланиш пойгаси бошланиб кетишидан жуда хавотирдалар.

"Агар Эрон ўзининг бомбасини қўлга киритса, Саудия Арабистони ҳам унинг ортидан боради. Ундан кейин эса Яқин Шарқдаги кўпгина мамлакатлар ядровий қуролни қўлга киритишни хоҳлаб қоладилар", дейди Би-би-си мухбири Жеймс Рейнолдс.

Сўнгги кунларда Яқин Шарқда таранглик ортгани кузатилган.

Исроил ўзининг Ҳиндистон, Гуржистон ва Таиланддаги элчихоналарига ҳужумларда Эронни айблади.

Бу айбловларни эса Эрон рад этмоқда.

Ўз навбатида Эрон тўрт ядро физикаси бўйича мутахассисини ўлдирганликда Исроилни айблайди.

Яқинда АҚШ Президенти Барак Обама Эронга қарши Америка ва Исроил ҳамкорликда иш олиб бораётганини айтди.

Аммо кўплаб кузатувчилар фикрича, АҚШ Исроилнинг Эронга шу йилнинг апрел ойида ҳужум қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан хавотирда.

Америка Мудофаа вазири Леон Панетта Исроилнинг Эронга ҳужум қилиш эҳтимоли жуда катталигини айтди.

Daily Telegraph рўзномаси билан суҳбатида Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Британия Исроилни ҳарбий амалиётлардан тийилиб туришга чақирди, деб айтди.

Жаноб Хейг айтишича, Британия санкциялар ва музокаралар тарафдоридир.

Айни пайтда 17 феврал куни АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Эрон билан музокаралар қайта бошланиши мумкинлигини маълум қилганлар.

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтоннинг айтишича, яқинда Эрондан айнан Америка тарафи кутган мазмундаги мактуб олинган.

Бунгача Эрон таклиф қилган музокараларни Ғарб дипломатлари мамлакатнинг ядровий дастурини муҳокама этиш четга сурилган музокаралар дея қабул қилганлар.

Эрон билан олти мамлакат вакиллари ўртасидаги музокаралар бир йил олдин тўхтаб қолган эди.

Феврал ойининг ўртасида Эрон ядровий энергияга эга бўлиш йўлидаги янги бир босқичга эришгани ҳақида эълон қилди.

15 феврал куни Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод мамлакатда ишлаб чиқилган уран стерженини атом реакторига солишга бағишланган тантанали маросимда иштирок этган.

Бу мавзуда батафсилроқ