'Эрон минглаб янги центрифугаларни ишга туширишга тайёр'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Янги центрифугаларнинг Қум шаҳри яқинидаги ядровий иншоотда тайёрлиги айтилмоқда.

Австрия пойтахти Вена шаҳридаги дипломатлардан бирининг Би-би-сига билдиришича, Эрон Қум шаҳри яқинидаги ерости ядровий иншоотида минглаб янги центрифугаларни ўрнатишга тайёрдир.

Уларни ишга туширса, Эрон янада кўп уранни қисқа вақт мобайнида бойитиш имкониятига эга бўлади.

Центрифугалар ядровий ёқилғи бўлган уран моддасини тўйинтириш жараёнларини тезлаштирадилар, бойитилган урандан эса электр қуввати ишлаб чиқарадиган атом электр станциясида ҳам, ядровий қурол ясашда ҳам фойдаланиш мумкин.

Дипломат баёноти бўйича Бирлашган Миллатларнинг Атом қуввати бўйича агентлиги шарҳ бермаган.

Агентлик нозирларининг шу яқин кунларда Эроннинг ядровий фаолиятини текшириш учун яна Теҳронга сафар қилишлари мўлжалланган.

Ўтган ой БМТ агентлиги нозирлари Эронга боришган, бироқ уларга Эроннинг қатор ядровий иншоотларини бориб кўриш ва мутахассислар билан учрашишларига изн берилмаган эди.

Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини таъкидлаб келади, бироқ Ғарб давлатлари Эрон махфий равишда ўзининг атом бомбасини ясаш устида ишламоқда, деган хавотирдалар.

Ўзининг исми-шарифи эълон қилинишини истамаган бошқа бир дипломатнинг айтишича, Эроннинг Қум шаҳри яқинидаги ядровий иншоотида бугун электр қуввати тарқатиш тармоғи, янги центрифугалар учун талаб қилинадиган тизим тайёр бўлган.

Уч кун илгари Эрон уранни тўйинтиришни тезлаштирадиган янги тизимини ишга туширгани ҳақида эълон қилган эди.

Эрон ўзининг ядровий дастурини Оврўпо Иттифоқи ва Америка янги жазо чораларини жорий этганига қарамасдан янада ривожлантиришда давом этмоқда.

Янги жазо чораларига БМТнинг Атом қуввати агентлигининг ўтган йил ноябр ойидаги хавотирли баёноти сабаб бўлган, унда агентлик "Эрон ядровий қуролни ривожлантиришга ўхшаган фаолиятни олиб бораяпти", дейилган эди.

Сўнгги янгилик Эрон билан боғлиқ таранглик кундан-кунга ортиб бораётган пайтга тўғри келган.

Бир кун олдин Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Эроннинг ядровий интилишлари Яқин Шарқда янги ядровий қуролланиш ёки янги Совуқ Уруши бошланишига етаклаши мумкин, деган огоҳлантириш билан чиққан эди.

Айни пайтда Токиода гапирган Исроил Мудофаа вазири Эхуд Барак Эронга нисбатан жазо чораларини янада кучайтиришга чақирган.

Янада қаттиқроқ чораларгина Эронни ядровий дастуридан воз кечишга мажбурлаши мумкин, деб айтган жаноб Барак ҳозирги пайтда Эронга қарши ҳарбий амалиётлар кун тартибида эмас, деган.

1979 йилги Эрон исломий инқилобидан кейин илк бор Ўрта Ер денгизига Эрон ҳарбий кемалари кирган, Эрон ҳарбий-денгиз кучлари раҳбари адмирал Ҳабибуллоҳ Сайёрий, бу "тинчлик муждаси", деб айтган.

Исроил ўзининг Ҳиндистон, Гуржистон ва Таиланддаги элчихоналарига ҳужумларда Эронни айблади.

Бу айбловларни эса Эрон рад этади.

Бу мавзуда батафсилроқ