Багромда Қуръоннинг ёқилиши янги намойишларни қўзғатди

Намойишчилар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кобулдаги намойишчилар Америка ҳарбий базасини тошбўрон қилганлар

Афғонистонда Қуръони Карим нусхаларининг ёқилишига қарши икки кундан буён давом этаётган намойишларда камида бир инсон ҳалок бўлган ва 20 инсон жароҳат олган.

Намойишларнинг ўт олишига сешанба куни Кобул яқинидаги НАТОнинг Багром ҳаво базасида аскарлар Қуръони Карим нусхаларини ёққани ҳақидаги хабарларнинг тарқалиши сабаб бўлган.

Юзлаб одамлар Кобул ва Жалолобод кўчаларига чиққанлар. Улар Америкага қарши шиорларни айтиб қичқирганлар ва полициячиларни тошбўрон қилганлар.

Кеча Афғонистондаги Америка қўшинлари қўмондони генерал Жо Аллен НАТО аскарлари ҳатти-ҳаракати учун кечирим сўраган ва ҳодисани ҳар томонлама ўрганишга ваъда берганди.

Багром базасида тутқун толиблар учун мўлжалланган қамоқхона ҳам жойлашган.

Америка мулозимларининг ишонишларича, Багром қамоқхонасидаги тутқун толиблар китоблардан ўзаро мулоқот қилиш учун фойдаланганлар.

Қуръони Каримнинг ёқилган нусхаларини НАТО ҳаво базасида ишловчи маҳаллий ходимлар топганлар.

Сешанба куни Багром базаси ўнгида бўлиб ўтган намойишларда НАТО қўшинлари намойишчиларга қарата резина ўқларини отиши натижасида бир инсон яраланган ва яна беш одам ҳибсга олинган.

Толибон шиорлари

Кобулдаги намойишчилар "Америкага ўлим!" деб қичқирганлар ва шаҳардаги асосий АҚШ базасига қарата тошлар отганлар.

Жалолобод шаҳридаги шифокор Би-би-си билан суҳбатда бир намойишчи ҳалок этилгани ва 10 инсон ярадор этилганини маълум қилган.

Кобулдаги намойишлар пайтида эса 10 нафар инсон жароҳат олган.

Намойиш пайтида Толибонни дастаклаган шиорлар янграгани хабар қилинади.

Намойишчилар Кобулни Жалолобод билан боғлаб турувчи йўлни беркитиб қўйганлар.

Кобулдаги норозилик намойиши гувоҳларига кўра, полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун осмонга қарата ўқлар узган.

Франс-Пресс агентлигининг Кобулдан хабар беришича, полиция намойишчиларга қарши сув пуркагичларни ҳам ишга солган.

Бир намойишчи - 18 ёшли Ажмалнинг Рейтерс агентлигига: "Америкаликлар бизни бу тарзда таҳқирлашда давом этса, биз исёнчиларга қўшиламиз," деб айтган.

Америкалик дипломатлар Кобулдаги АҚШ элчихонаси беркилгани ва дипломатларнинг барча ҳаракатлари тўхтатилганини билдирганлар.

АҚШ Мудофаа вазири Леон Панета афғон халқидан узр сўралганини билдирган.

Афғонистондаги НАТО қўшинлари сўзчиси Би-би-си билан суҳбатда, Қуръоннинг ёқилгани ҳақидаги хабар изчил текширилаётганини айтган.

Ўтган йили Американинг Флорида штатида ўта радикал насроний руҳоний Қуръонни ёқиши ортидан Афғонистонда ўт олган норозилик намойишларида камида 24 инсон ҳалок бўлганди.

Бу мавзуда батафсилроқ