Афғонистон: Қуръоннинг ёқилишига қарши янги намойишлар

Намойишчи ва ёқилган Қуръон нусхаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ёқилган Қуръони Карим нусхасини Багром базасининг маҳаллий ходимлари топганлар.

Афғонистонда Америка базасида Қуръони Каримнинг ёқилишига эътирозан ўтказилган намойишларда камида тўрт киши ҳалок бўлган ва 20 нафар инсон яраланган.

Бир инсон Кобулда , яна бири - Афғонистон шарқидаги Жалолобод шаҳрида, икки инсон - Парвон вилоятида ўлдирилган.

Сешанба куни Америка ҳукумати вакиллари Кобул яқинидаги Багром ҳаво базасида Қуръон нусхалари "тасодифан" йўқ этилгани учун кечирим сўрашган эди.

Хабарларга кўра, америкалик ҳарбийлар тутқун толибларнинг Қуръондан ўзаро ахборот алмашиш учун фойдаланганликларини тахмин қилишган.

Қуръоннинг ёқилган саҳифалари Багром базасидаги маҳаллий ходимлар томонидан топилган.

Кечирим сўрашдан фойда йўқ

Кобулдаги намойишчилар "Америкага ўлим!" дея қичқирганлар ва Американинг шаҳардаги энг йирик ҳарбий базасини тошбўрон қилганлар.

Полиция намойишчиларни тарқатиб юбориш учун сув пуркагичлардан фойдаланган.

Намойишчиларнинг бир қисми мамлакатдаги энг асосий тижорат йўлларидан бири - Кобул-Жалолобод шоҳйўлини беркитиб қўйганлар.

Гувоҳларнинг айтишича, ҳарбий база қўриқчилари осмонга қарата ўт очганлар.

Баъзи хабарларга кўра, дарғазаб намойишчилар Толибонни қўллаб-қувватловчи шиорларни айтиб ҳайқирганлар.

Пойтахтда эътироз намойишини ўтказганлардан бири ўлдирилган ва яна ўн нафар инсон ярадор этилган.

Кобул шимолидаги Парвон вилоятида эса икки инсон ҳалок бўлган.

Жалолободлик шифокорнинг Би-би-сига айтишича, шаҳарда бир инсон ўлдирилган ва яна 10 киши жароҳат олган.

Намойишчилар Барак Обама тасқарасини ёқиб юборганлар. Бир неча ёқилғи ташувчи машинага ўт қўйилган.

Кобулдаги АҚШ элчихонаси беркитилган ва элчихона ходимларига шаҳарда юриш тақиқланган.

"Барча дарғазаб, - деди Кобул яшовчиси Насир Маликзай. - Мен вазиятни муҳокама қилиш учун Facebook-да махсус саҳифа очдим. Америкаликларнинг кечирим сўрашидан фойда йўқ".

Бу мавзуда батафсилроқ