Эрон халқаро назоратчиларни ҳарбий иншоотига қўймаган

iaea_iran Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Феврал ойи охиригача Халқаро Атом энергияси агентлигининг Эрон борасида янги ҳисоботини эълон этилиши кутилмоқда

Эрон БМТнинг Халқаро Атом энергияси агентлиги назоратчиларига Теҳрон жанубида жойлашган муҳим ҳарбий иншооти Парчинни бориб кўришларига изн бермаган.

Халқаро агентлик вакиллари икки кунлик сафар билан Эронга охирги икки ой мобайнида иккинчи марта боришган, улар январ ойидаги сафарларидан натижа бўлмаганини маълум қилишган эди.

Агентликдан билдиришларича, ўз назоратчиларининг Парчин иншоотини бориб кўришлари борасида Эрон расмийлари билан олиб борган икки кунлик музокаралари самарасиз тугаган.

Халқаро Атом энергияси агентлиги назоратчилари ҳайъатига аввалги марта бўлганидек агентлик раҳбарининг ўринбосари Ҳерман Накертс етакчилик қилган.

Халқаро Атом агентлиги назоратчилари Эроннинг ядровий дастурида ҳарбий йўналиш ё унсур бор-йўқлигига аниқлик киритиш мақсадида мамлакатга сафар қилмоқдалар.

"Афсуски Эрон бизнинг Парчинни бориб кўриш сўровимизни рад этди», деб айтган Халқаро Атом энергияси агентлиги Бош директори Юкиа Амано.

Парчин ҳарбий иншооти сўнгги йилларда Эрон ядровий қуролни ишлаб чиқариш билан боғлиқ портловчи моддаларни синовдан ўтказган иншоот деб кўрилади.

Эрон ўзининг ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлаганини таъкидлаб келади, Ғарб мамлакатлари эса Эрон ядровий қурол яратиш устида иш олиб бормоқда, деган хавотирда.

Ўтган йили ноябрида Халқаро Атом энергияси агентлиги Эрон «ядровий қурол устида иш олиб бораётган бўлиши мумкинлиги" ҳақидаги ҳисоботини эълон қилган, ушбу ҳисобот АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг Эронга нисбатан янги иқтисодий жазо чоралари кўришига олиб келган эди.

Оврўпо Иттифоқи Оврўпо ширкатларининг Эрон нефтини сотиб олишларини тақиқлаган, шу пайтгача имзоланган битимларнинг 2012 йил 1 июлигача амал қилиши учун муҳлат берган эди.

Бироқ бир неча кун олдин Эрон Британия ва Франция ширкатларига нефт етказиб бериш тўхтатилганини эълон қилган, энди ўз нефтини «янги мижозларга сотиши" ҳақида маълум этди.

Феврал ойи охиригача Халқаро Атом энергияси агентлигининг Эрон борасида янги ҳисоботини эълон этилиши кутилмоқда.

Айни пайтда Исроил Эронга ҳарбий ҳужум қилиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар ҳам ортган.

Айни манзарада Яқин Шарқдаги вазият таранглашгани кузатилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ