Мисрда Ҳусни Муборакка ҳукм ўқиладиган кун эълон қилинади

hosni_mubarak Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Собиқ Миср президентига қўйилаётган айблар тасдиқланса, ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Чоршанба куни Миср собиқ президенти Ҳусни Муборак устидан олти ойдан буён давом этаётган маҳкама жараёнининг охирги йиғилиши бўлиб ўтади.

Маҳкама ҳукм чиқариш кунини эълон қилиши кутилмоқда.

Ҳусни Муборак коррупцияда, шунингдек, 2011 йилда аксилҳукумат намойишчиларни ўлимида айбланмоқда.

Прокуратуранинг ишонишича, 30 йилдан ортиқ давлат тепасида турган собиқ президент ўзининг истеъфосини талаб қилиб чиққан намойишчиларни отишга буйруқ берган.

Феврал ойида 18 кун давом этган эътироз намойишлари чоғида Миср хавфсизлик кучлари томонидан камида 800 инсон ўлдирилган эди.

Намойишчиларни отишга буйруқ берганлиги айблови учун жаноб Муборакка ўлим жазоси сўралган.

Қоҳирада давом этаётган маҳкама жараёнида судланувчилар қаторида Муборакнинг икки ўғли, хусусан, Муборакнинг давомчиси деб кўрилган Гамал исмли ўғли ҳам бор.

Муборакнинг икки ўғли - Алаа ва Гамал - собиқ ички ишлар вазири ва яна юқори мартабали олти полиция зобити ҳам айни айбловлар билан маҳкамага тортилган.

Айбланувчилар барча айбловларни рад этишган.

Муҳим гувоҳлар

Прокурор Мустафо Хатир душанба куни қилган якуний нутқида "Гап фақат 10 ёки 20 кишининг ўлимида эмас,балки бутун бир халқ ҳақида кетмоқда",- деб айтган.

Бундан олдин, прокурор "Муборакнинг шахсан рухсати бўлмаса, Миср ички ишлар раҳбари намойишчиларга қараб ўқ узишга буйруқ бериши мумкин эмас", - деган эди.

Прокурорнинг таъкидлашича, полиция офицерлари доҳил икки мингта гувоҳ сўроқ қилинган.

Маҳкамада Мисрнинг баъзи қудратли шахслари кўрсатма беришган.

Гувоҳлар полицияни намойишчиларга қарши автоматлар билан қуроллантириш ҳақида "юқори"нинг буйруғи берилганини айтишган.

Би-би-сининг Қоҳирадаги мухбири Жон Лейннинг хабар беришича, кўп кузатувчиларнинг маҳкама етарлича объектив олиб борилгани ҳақидаги фикрларига қарамасдан, қоралов томон энг муҳим саволлар очилмай қолаётганини айтган.

Маҳкамага ҳал қилувчи вазиятда, кўп намойишчилар ўлдирилгандан кейинги дақиқаларда ички ишлар вазирлигида бўлиб ўтган телефон мулоқотларининг ёзувлари тақдим этилмаган.

Қораловчининг айтишича, кўп муҳим гувоҳлар ўз кўрсатмаларини беришмаган, баъзи кўрсатмалар ёпиқ эшиклар ортида олинган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг билдиришича, намойишчилар ўлдирилган пайтда хавфсизлик учун ҳарбийлар масъулиятли бўлиб туришган.

Ҳимоя томонининг таъкидлашича, Ҳусни Муборак 28-январ кундузи коммендантлик соати эълон қилган ва вазият учун масъулиятни армия раҳбариятига топширган.

Муборак маҳкама мажлисига замбилда ётган ҳолида қатнашган.

Собиқ президентнинг ҳимоячилари 83 ёшли Муборак туришга ҳаракат қилса, инфаркт ҳавфи борлигини айтишган.

Бу мавзуда батафсилроқ