Сурияда икки чет эллик журналист ўлдирилган

syria_violence Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Мэри Колвин жаҳоннинг қайноқ нуқталаридан тайёрлаган репортажлари билан машҳур бўлган

Суриялик фаоллар хабар қилишларича, мамлакат марказида жойлашган Ҳомс шаҳрида Сурия ҳукумат кучларининг бомбардимони оқибатида икки хорижлик журналистлар ҳалок бўлган.

Шоҳидларнинг айтишича, Ҳомснинг Баба Амр деб аталадиган мавзесида ташкил қилинган вақтинчалик матбуот марказига бир неча ракета келиб тушган.

Гувоҳлар журналистлар ракета ҳужуми бошланган пайтда бино ичкарисидан ҳовлига қочиб чиқаётганларида ҳалок бўлдилар, деб хабар беришган.

Матбуот марказида бўлган яна камида уч инсоннинг ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Ҳалок бўлган журналистлардан бири америкалик Мэри Колвин Британиянинг Sunday Times рўзномаси мухбири бўлган.

Реми Очлик франциялик фотожурналист бўлган.

11 январ куни Ҳомсда Франция телевидениесининг журналисти Жил Жакуер ўлдирилган эди.

Кузатувчиларга кўра, сешанба куни Ҳомс шаҳрида камида 40 инсон ҳалок бўлган.

Уларнинг орасида Ҳомсдаги вазият борасида Интернетда тўғридан-тўғри видеоэфир ташкил қилган Рами ал-Саййид исмли киши ҳам бўлган.

Рами ал-Саййид Баба Амрдаги ҳужумларда қаттиқ яраланган, шифохона оламдан ўтган.

Қизил Хоч ташкилоти урушаётган тарафларга мурожаат қилиб, ўт очишни тўхтатиш, бу пайтда ўзларига одамлар учун озиқ-овқат етказиш, тинч фуқроаларни жанглар бораётган ҳудуддан олиб чиқиб кетишга имконият берилишини сўраган.

Бироқ томонлар ушбу мурожаатга жавоб бермаганлар.

Сурия фаолларининг айтишича, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам инсонлар ҳалок бўлган.

Шимолий Идлиб вилоятининг ўзида сешанба куни 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.

Кузатувчиларга кўра, Президент Башар ал-Ассад тарафдорлари исёнчилар назоратида бўлган нотинч Ҳомс шаҳрида ҳужумларни кучайтирганлар.

Интернетда қатор янги видео лавҳалар пайдо бўлган.

Ҳукумат матбуоти хабар беришича, хавфсизлик кучлари "қуролланган террорчи гуруҳлар"ни нишонга олишган ва бир қанчаси ўлдирилган.

Идлибдан олинган яна бир видеолавҳада қариий 500 Сурия аскарлари ўзларининг исёнчиларга қўшилганларини эълон қилишган.

Бу мавзуда батафсилроқ