Афғонистонда Қуръон ёқилишига қарши намойишларда яна инсонлар ўлган

quran-burnt Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Бутун Афғонистон бўйлаб норозилик намойишлари бошланган

Афғонистонда америкалик аскарлар Қуръонни ёққанларидан сўнг тўртинчи кундирки намойишлар тўхтамаган.

Хавфсизлик кучларининг хабарига кўра, Ҳирот шаҳридаги намойишлар чоғида етти киши, Баглан вилоятида бир кишининг ўқ тегиб ҳалок бўлгани айтилган.

Намойишларнинг тўртинчи кунида мамлакатнинг турли нуқталарида камида 12 инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Кобулда тўпланган ғазабнок оломон шаҳар марказига қараб юрган.

Афғонистон шимолида ҳам норозилик намойишлари бўлаётганлиги ҳақида хабарлар олинган.

Пайшанба куни камида саккиз киши, жумладан, икки америкалик аскар ҳам ҳалок бўлган.

Америка Президенти Барак Обама афғон халқидан кечирим сўраб, бу ҳодиса "ҳақиқий хато" бўлганини айтган.

Президент Ҳамид Карзай номига ёзилган мактубида Обама бўлиб ўтган воқеадан "қаттиқ афсусдалигини" билдирган.

Обаманинг мактубини етқазган Американинг Афғонистондаги элчиси Америка ҳукумати воқеага алоқадор барча айбдорларни топилишини айтган.

Жума куни бутун мамлакат бўйлаб муқаддас Қуръонни ёқилишига қарши бир неча намойишлар бўлиб ўтгани хабар қилинган:

Полициядаги манбааларнинг айтишича, бешта алоҳида гуруҳ Кобулнинг турли жойларида намойишлар бошлашган.

Жумладан НАТОнинг штаб квартираси ва Америка элчихонасига қараб юришган.

300га яқин одам, асосан таёқлар билан қуролланган ёш болалар, Кобулдаги ҳарбий ўқув марказига тошлар отганлар.

Хавфсизлик кучларининг айтишича, Баглан вилоятида 1000га яқин одам тўпланган.Ўқ овозлари ва тошлар отилгани хабар қилинган.

Ғазнада 600 дан ортиқ намойишчи губернатор идораси олдида тўпланиб, "Обамага ўлим", деб бақиришган.

300га яқин киши Қундуз вилоятида намойишга чиққан.

Нангарҳар вилоятида бир неча минг намойишчи шоссени тўсиб қўйган.

Пактия вилоятининг пойтахти Гардезда ҳам норозилик чиқишлари давом этаётгани айтилган.

Шимолий Мозори Шариф шаҳрида ҳам намойишлар бошланган.

НАТО ва Америка расмийларининг содир қилинган воқеадан афсусдалиги ва кечирим сўрагани одамларнинг нафратини тўхтата олмаган.

Пайшанба куни Толибон афғон халқини Қуръонни "ҳақоратлаган" "босқинчи кучлар"га қарши ҳужум қилишга ва намойишларни тўхтатмасликка чақирган.

Толибон ўзининг мурожаатида "Муқаддас Қуръонни ҳақорат қилишга бошқа ботинмасликлари учун уларга яхши дарс бериш кераклиги"ни билдирган.

Ўтган йили америкалик пасторнинг Қуръонни ёқмоқчи бўлгани орқасидан Афғонистондаги норозилик чиқишларида камида 24 киши ҳалок бўлган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ