Лондон саммити Сомалининг терроризмга қарши курашини қувватлаган

somali_conference Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Жаноб Шайх Шариф Аҳмад Лондон саммити навбатдаги расмий учрашув бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотирини билдирган.

Лондон саммитида иштирок этаётган дунёнинг етакчи давлатлари раҳбарлари терроризм, қароқчилик ва сиёсий беқарорликка қарши курашаётган Сомали ҳукуматини қўллаб-қувватлашларини билдиришган.

Саммит иштирокчилари Сомалига гуманитар ёрдам миқёсини оширишни, Африка Иттифоқи тинчликпарвар кучларини дастаклаш ҳақидаги режани маъқуллаганлар.

Америка Бош котиби Хиллари Клинтон қуролланган "Ал-Шабаб" исломий гуруҳини тинч қўймасликка чақирган.

Йигирма йиллик уруш Сомалини ҳароба аҳволга келтириб, мамлакат ҳукумат томонидан назоратсиз қолган.

Ҳозирги ўтиш даври ҳукумати Африка Иттифоқи мамлакатларининг 12 минглик тинчликпарвар кучлари кўмагида фақат пойтахт Могадишони назорат қилади.

Яқинда "Ал-Қоида" гуруҳи билан бирлашганини эълон қилган "Ал-Шабаб" Сомалида катта ҳудудларни ўз назоратига олган.

Клинтон хоним "Ал-Шабаб" гуруҳи билан музокаралар олиб борилишини эътибордан соқит қилган.

У "Ал-Шабаб" жангарилари "Ал-Қоида" билан бирлашиб, "ўзларининг тинчлик, барқарорлик ва Сомали халқи томонида эмасликларини кўрсатишди",-деб айтган.

Шу билан бирга, Клинтон хоним халқаро ҳамжамият зўравонликдан тинчлик томонига ўтадиган ҳар бир киши билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлаган.

Саммитда иштирок этган Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Сомалида чинакам ҳокимиятни барпо қилиш мамлакатнинг кейинги келажаги учун катта аҳамиятга эгалигини, улар Африка Иттифоқи ҳарбийлари билан ҳамкорликда ишлашлари кераклигини айтган.

" Қўлига қурол олиб "Ал-Шабаб" сафига кирган ёшлар Сомалининг келажаги борлигини кўришлари, ўзлари хоҳлаган иш ва эркин овоз беришни айнан Сомали ҳукумати беришини тушуниб етишлари керак",-деган Британия бош вазири матбуот анжуманида.

Лондон Саммитига йиғилган дунёнинг 55 давлати вакиллари шу йилнинг август ойида бўлиб ўтадиган янги ҳукуматга қудратни топширишни қўллаб-қувватлаш,гуманитар ёрдамлар етказилишини яхшилаш,қароқчиликка қарши кураш, айбдорларга бошқа мамлакат ҳудудларида ҳам жазо беришга келишганлар.

Сомалининг ўтиш даври раҳбари, президент Шайх Шариф Аҳмад сомалиликлар "ўтмишнинг қўрқинчли хотираларидан қутулишни истайдилар",-деб айтган.

Жаноб Шайх Шариф Аҳмад ушбу саммит навбатдаги расмий мунозара клуби бўлиб қолиши мумкинлигидан хавотирини билдирган.

"Ал-Шабаб" гуруҳи Лондон саммитини Сомалини мустамлакага айлантиришга навбатдаги уриниш, деб баҳолаган.

Би-би-сининг Могадишодаги мухбири Муҳаммад Дхорнинг айтишича, шаҳарда қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган. Бу Лондон саммити билан боғлиқлиги айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ