НАТО ҳарбийлари ўлимида гумон қилинган Афғон полициячиси қидирилмоқда

Image caption 25 ёшли Афғон Ички ишлар вазирлиги ходими қидирилмоқда.

25 феврал куни Кобулдаги Афғонистон Ички ишлар вазирлиги биносида америкалик икки НАТО ҳарбийсини ўлдирганликда гумон қилинган полиция ходимига қидирув эълон қилинган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигига кўра, НАТОнинг икки юқори лавозимли вакилини ўлдирганликда гумон этилаётган шахс вазирлик ходими бўлган.

25 ёшли вазирлик ходимининг Афғонистоннинг Парвон вилоятилик Абдул Сабур экани айтилган.

Ички ишлар вазирлигидаги отишмадан кейин НАТО Афғон вазирликларидан ўзининг барча ходимларини чиқариб олган.

Ҳалок бўлган НАТО зобитларининг исми-шарифи ҳозирча эълон қилинмаган, бироқ улар америкалик полковник ва майор унвонидаги зобитлар деб кўрилмоқда.

Хабарларга кўра, қуролли шахс НАТО зобитларига Кобулдаги энг қаттиқ қўриқланадиган Ички ишлар вазирлиги биносининг ёпиқ хоналаридан бирида яқин масофадан ўт очган.

Маълум бўлишича, гумондаги шахс бундан олдин Афғонистоннинг бир неча вазирликларида ишлаган ва Ички ишлар вазирлигида хавфсизлик тизими ва юқори лавозимдаги мансабдорлар фойдаланадиган махфий радиоканал учун масъул бўлган.

Отишмадан кейин у вазирликдан чиқиб кетган ва ғойиб бўлган.

Гумондор шахснинг Кобулдаги яқинлари қўлга олинган, у туғилиб ўсган Парвон вилоятидаги уйида тинтув ўтказилган.

Би-би-си мухбири ёзишича, ушбу ҳодисадан кейин НАТО ходимларининг Афғон вазирликларидан чиқариб олингани ўзаро ҳамкорликка салбий таъсир қилади.

Бу, айниқса, мамлакатда хавфсизликни таъминлаш ишларида сезилиши мумкин, чунки НАТО ва Афғон тизимлари ўртасида ўзаро ахборот алмашиш, жосуслик маълумотларини бўлашиш, техник таъминот ишлари тўхтаб қолиши мумкин.

Норозилик намойишларининг олтинчи куни

Ушбу ҳодиса бутун Афғонистон бўйлаб АҚШ аскарлари Қуръонни ёққанлари ҳақидаги хабарлар норозилик намойишларига сабаб бўлган пайтга тўғри келган.

Олти кун мобайнидаги зўравонликларга айланиб кетган норозилик намойишлари 30 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган, улар орасида бошқа икки АҚШ аскари ҳам бор.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай тинчланишга чақирганига қарамасдан, якшанба куни ҳам Қуръон ёқилишига қарши намойишлар давом этган.

Якшанба кунги намойиш пайтида мамлакат шимолидаги Қундуз вилоятида жойлашган НАТО ҳарбий базасига граната улоқтирилган.

НАТО ушбу ҳодиса натижасида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини айтган, бироқ етти АҚШ ҳарбийси яралангани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар ҳам тарқалган.

Қундуздаги намойишда якшанба куни камида бир киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилинган.

Самангон вилоятидаги чиқишда 4000 киши қатнашган, намойишчилар полиция идораси ва АҚШ базасига ҳужум қилганлар.

Самангон ҳокими Хайруллоҳ Ануашнинг Би-би-сисга айтишича, бир неча намойишчи жароҳатланган, улардан бирининг аҳволи оғир.

Бошқа бир расмий бир киши ҳалок бўлганини айтган.

Маълум бўлишича, Кобул яқинидаги Багром ҳарбий базасида ахлат ёқиладиган печ ичидан Қуръон топилган, печ ичида бошқа китоблар ҳам бўлган.

Барча китобларнинг террорчиликда гумон қилиниб қўлга олинган шахслардан мусодара қилингани хабар қилинган.

Бу китоблар қандай китоблар эканини билмаган америкалик ходимларнинг уларни ёқиш учун печга ташлаганлари айтилган.

Ушбу ҳодиса юзасидан НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони генерал Жон Аллен расман кечирим сўради ва ушбу ҳодиса юзасидан текшириш бошлаган.

Қуръон ёқилгани ҳодисаси туфайли АҚШ Президенти Барак Обама кечирим сўраган.

Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай номига юборган мактубида Президент Обама ёзишича, Қуръонга "билмасдан ҳурматсиз муносабатда бўлинган".

Бу мавзуда батафсилроқ