Халқаро Қизил Хоч журналистларни Ҳомсдан олиб чиқолмаган

crescente_ambulances Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қизил Ярим ой жамиятининг машиналари Баба Амр шаҳрига киришга муваффақ бўлган

Суриянинг Хомс шаҳридан яраланган икки журналистни олиб чиқиш муваффақиятсиз тугади,- деб хабар берган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси.

Қизил Ярим ой жамиятининг машинаси Баба Амр шаҳрига амаллаб кирган бўлсада, журналистларни олиб чиқолмаган.

Оёғидан оғир яраланган француз журналисти Эдита Бувье эвакуация қилинишини рад қилган бўлиши мумкин, деб тахмин қилинган.

Ҳалок бўлган журналистларнинг жасадини ҳам олиб чиқиш имкони бўлмаган. Фақат уч суриялик хавфсиз жойга кўчирилган.

Сурия ҳукумат кучларининг бир нечта шаҳарларга ҳужум уюштиргани, ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Гувоҳларга кўра, Сурия бўйича 125 кишининг ўлдирилгани айтилган.

Уларнинг кўпчилиги Ҳомсдаги назорат пунктида рўй берган ҳодиса пайтида ҳалок бўлишган.

Кузатувчиларнинг айтишича, Идлиб вилоятида 15 киши, Алеппо мавзеъсида ўнлаб кишилар қурбон бўлгани ҳақида хабарлар олинган.

Идлибнинг илгари хавфсизроқ бўлган шаҳарларига ҳам ҳукумат кучлари ҳужумлар уюштирган.

Суриянинг шимолидан хабар берган Би-би-си мухбири Иэн Пэннел, душанба куни ҳукумат кучлари Биннишу ва бош бир неча шаҳарларни артиллерия ва минометлардан ўққа тутганлар.

Ўтган ҳафта давомида Биннишу исёнчилар назоратида бўлгани хабар қилинган эди.

Сармин, Маарат Найман ва Кусайра шаҳарларига ҳам ҳужумлар қилинган.

Душанба куни Оврўпо Иттифоқи Сурияга нисбатан янги жазо чораларини эълон қилган.

Жумладан, Сурия марказий банкининг Оврўпо банкларидаги ҳиссалари музлатилган.

Башар Ассад ҳукуматидаги етти кишига Оврўпо Иттифоқи мамлакатларига чиқиш тақиқланган.

Олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар билан савдо қилиш қисқартирилган.

Оврўпо Иттифоқи мамлакатларига Суриянинг юк ташиш учоқларининг парвози тақиқланган.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг янги жазо чораларини қувватлаган.

"Биз бундан кейин ҳам Оврўпо Иттифоқидаги ҳамкорларимиз билан Араб Лигаси давлатларининг Суриядаги зўравонликларни тўхтатишга қаратилган режаларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаймиз,- деган жаноб Хейг.

Қатар Бош вазири Шайх Ҳомид бин Жасим ал-Тани "Халқаро ҳамжамият Сурия мухолиф кучларига ёрдам бериши, жумладан улар ўзларини ҳимоя қила олишлари учун керак бўлган ҳамма нарсани қилиши лозим",- деб айтган.

Айни пайтда ҳукумат телевидениеси янги конституция бўйича ўтказилган референдумнинг натижаларини эълон қилган.

Хабарларга кўра, янги конституциянинг лойиҳасини маъқуллаб қариийб 89 фоиз киши овоз берган.

Бу мавзуда батафсилроқ