Мисрда президентлик сайловлари май ойида бошланади

_egypt_security Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президентлик сайловларидан сўнг Мисрда ҳарбий тузумдан фуқаролик ҳукуматига ўтилади

Мисрда собиқ президент Ҳусни Муборак қудратдан кетказилганидан кейин биринчи президентлик сайловлари шу йилнинг май ойида бошланади,- деб эълон қилган сайлов комиссияси раиси Форуқ Султон.

Жаноб Форуқ Султоннинг сўзларига кўра, биринчи давра икки кун, 23 ва 24 май кунлари бўлиб ўтади. Кўп овоз тўплаган икки номзод билан асосий сайловлар 16 ва 17- июн кунлари бўлиб ўтиши мўлжалланган.

Кимнинг ғолиб бўлгани расман 21- июнда эълон қилинади.

Мисрни вақтинчалик идора қилаётган Миср қуролли кучлари Олий кенгаши ҳокимиятни президентлик сайловларидан сўнг фуқаролик ҳукуматига топширишини айтган.

Шанба куни Миср парламентининг қуйи ва юқори палаталарининг қўшма йиғилишида бўлажак комиссиянинг 100 нафар аъзоси сайланиши мўлжалланган.

Бу комиссия аъзолари мамлакатнинг янги конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқади.Президентлик сайловлари конституция лойиҳаси референдумда тасдиқлангандан сўнг бўлиб ўтиши айтилган.

Форуқ Султон номзодларни рўйхатга олиш муддатини белгилаш учун конституция ўз вақтида ёзиб тугатилишига ишонч билдирган.

Номзодлардан аризалар 10 мартдан бошлаб 8 апрелгача қабул қилиниши, якуний рўйхат 26 апрелда эълон қилиниши айтилган.

Сайловолди компаниялар 30 апрелда бошланиб 19 майда, сайловдан тўрт кун олдин тугаши керак,- деб айтган жаноб Султон Қоҳирада бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Унга кўра, сайловда халқаро кузатувчилар иштирок этишмайди.

Президентлик сайловларининг муддати 19 февралгача аниқ бўлиши кутилган. "Чет элда яшовчи мисрликларнинг овоз беришини ташкил қилиш билан боғлиқ муаммолар бу муддатни бироз кечиктирди",- деб хабар беришган расмийлар .

Мухбирларга кўра, сайлов муддатининг чўзилиши ҳарбий тузумдан фуқаролик ҳукуматига ўтилаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳозирда Мисрни идора этаётган Ҳарбий Кенгаш генераллари сайловларни имкони борича тезроқ ўтказиш босими остида қолаётган бўлишлари мумкин.

Ўтган йилги референдумда қабул қилинган тартибга биноан янги президент тўрт йилга сайланади ва ҳукуматда кетма-кет келадиган икки муддатдан ортиқ сайланиши мумкин эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ