'Обидхон қори Назаров жонига суиқасд халқаро тергов қилинсин'

Стокгольмдаги норозилик намойиши Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Намойишчилар ўтган ҳафтада юз берган ҳодисада тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукуматини айблашган

Швеция пойтахти Стокгольмдаги парламент биноси қаршисида ўзбек мухолифати ва муҳожирлари иштирокида намойиш бўлиб ўтмган.

Бундай норозилик намойишларини Оврўпонинг бир неча шаҳрида ўтказиш режаланган.

Ўнлаб инсонлар Обидхон қори Назаровга ҳужум қилган инсонни топиш талабини илгари сурганлар.

Намойишчилар ўтган ҳафтада юз берган ҳодисада тўғридан-тўғри Ўзбекистон ҳукуматини айблашган.

Намойишчиларнинг аксарияти "Обидхон қори Назаров ўзбек режимининг қурбони","Швеция сиёсий муҳожирларни ҳимоя қилиши керак","Швеция хавфсизлик хизмати учун бу хатоми?","Қотил топилиши керак", деган шиорларни кўтариб олишган.

Намойишнинг кун бўйи давом этиши айтилган.

Тушликдан сўнг яна ўнлаб намойишчиларнинг қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.

Бундан олти кун муқаддам Швеция шимолидаги Стромсмунд шаҳарчасида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилиши ортидан ҳануз касалхонада ётган ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаровнинг аҳволи ўнгланмаган.

Ўтган пайшанба куни 54 ёшли Обидхон қори Остершунд шаҳридаги касалхонадан тикучарда Умио шаҳрига олиб кетилганди.

Унинг аҳволидан бохабар яқинларидан бирининг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Обидхон қори Назаров ҳануз шифокорларнинг узлуксиз назорати остида қолмоқда.

Масъулларга кўра, Обидхон қори Назаровга қарши уюштирилган суиқасд амали юзасидан Швеция махсус хизматлари кенг кўламли тергов ва қидирув амалиётини бошлашган.

Бироқ амалиёт тафсилотлари хавфсизлик нуқтаи назаридан жамоатчиликдан сир тутилмоқда.

Стромсмунд шаҳарчасида Обидхон қори Назаров билан бирга ўттиздан ортиқ ўзбек оилаларининг яшаши айтилади.

Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бўлган Обидхон қори Назаров 2006 йилда Швециядан сиёсий бошпана олганди.

Бу мавзуда батафсилроқ