British Petrolium ширкати 7,8 миллиард доллар товон пули тўлайди

Мексика кўрфазида нефт тарқалишидан зарар кўрганлар Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Нефт ёйилиши оқибатида кўп жониворлар ҳалок бўлган, кўрфаз соҳилидаги катта ҳудудда сайёҳликка зарар етган

2010 йилда Мексика кўрфазида нефт тарқалишидан зарар кўрганларга Британиянинг ВР ширкати 7 миллиард 800 миллион АҚШ доллари миқдоридатовон тўлашга келишган.

British Petrolium ширкати эълон қилишича, денгизга нефт тўкилганидан кейин даромад йўқотгани ва кўрфазни нефтдан тозалаш пайтида саломатлигига зарар етганини айтган қарийб 100 минг киши билан бу борада келишилган.

Ушбу келишув маҳкама жараёни олдидан томонларнинг ўзаро розиликка эришиши экани айтилган.

2010 йил апрелида Мексика кўрфазидан нефт қазиб оладиган British Petroliumга қарашли Deepwater Horizon бурғулаш иншоотида ҳалокат рўй берган, бунинг оқибатида 11 киши ҳалок бўлган.

Сув остидан йирик миқдордаги нефт ён-атрофга ёйилган.

Нефт сизиб чиқишини жиловлаш жуда қийин кечди, оқибатда денгизга 4 миллион баррел нефт ёйилди.

Ушбу ҳодиса АҚШ Президенти Барак Обамани ҳам ғазаблантирди.

Жаноб Обама Мексика кўрфазидаги нефт қазиб олиш иншоотидаги ҳалокатни "Америка ўз тарихида дуч келган энг йирик экологик фалокат" деб атади.

Нефт ёйилиши оқибатида кўп жониворлар ҳалок бўлган, кўрфаз соҳилидаги катта ҳудудда сайёҳликка зарар етган.

Тозалаш ишларига British Petrolium ширкати шу пайтгача 7,5 миллиард доллар маблағ сарфлашига тўғри келган.

Ушбу ҳодиса юзасидан Британия ширкатининг даъвогар балиқчилар ва бошқалар билан маҳкамаси товон пули тўланиши борасидаги келишувга қарамасдан бўлиб ўтади.

Бу маҳкамада ВРнинг ва унинг нефт қазиб чиқариш борасидаги ҳамкорлари бўлган ширкатларнинг жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилади.

Бундан ташқари British Petrolium ширкатининг АҚШ ҳукумати ва бир неча штатлар раҳбариятининг товон тўлаш борасидаги даъволарига жавоб беришига тўғри келади.