'Аёллар ва эркакларни бир-биридан ажратманг...'

Афғонистон Уламолар Олий кенгаши хотин-қизларнинг ёлғиз юришлари, мактаб, университет ва иш жойларида эркаклар билан ёнма-ён бўлишларини тақиқловчи, ҳижобда юришлари ва эрларининг қўшхотинлилик ҳуқуқларини ҳимоя этишни талаб этувчи баёноти афғон ёшларининг кескин акс-садоларига сабаб бўлган.

Кенгаш ўз баёнотини ўтган якшанба кунги йиғини ортидан қабул қилганди.

"Бу - даҳшат. Келаси гал улар Афғонистонни иккига бўлиш лозим, ярми эркаклар, ярми аёлларга бўлсин, деб айтишади", дея улардан бири facebook.com да ўз норозилигини изҳор этади.

Ижтимоий мулоқот тармоқларида қолдирилган бундай изҳоротларнинг сони ўтган тўрт кун ичида бир неча мингга етган.

Пойтахт Кобулда бўлиб ўтган матбуот анжумани чоғида президент Ҳомид Карзай уламолар кенгашининг баёнотини маъқулларкан, айримлар таъбирида, "жинсий ажратиш"га қарши кампания олиб бориш учун янги веб саҳифалар ташкил этилган.

Блоглар ғиж-ғиж мақолаларга тўлиб-тошиб кетган.

Афғонистон Уламолар Олий кенгашининг баёнотини аксарият одамлар қаҳру ғазаб билан қарши олишган.

Айрим парламент аъзолари эса, баёнот Афғонистон конституциясига зид эканини таъкидлашган.

Кўплаб веб саҳифалар ҳажвий суратлар орқали ўз ҳафсалалари қанчалик пир бўлганини кўрсатишга уринишган.

Аммо ўта диндор ва анъанадор катта ёшдаги афғонлар орасида кенгашнинг баёнотини маъқулловчилар ҳам талайгина.

Баёнот

Кенгаш баёнотида, яна шунингдек, АҚШ ҳарбийлари назорати остидаги базада "Қуръони Карим"га ўт қўйилиши ва Нато иттифоқига қарашли қамоқхоналар хусусида ҳам сўз боради.

Аммо, кузатувчиларга кўра, баёнотнинг хотин-қизлар хусусидаги қисми ўта эҳтиёткорлик билан ёзилган.

Шу боис ҳам, ундаги талабларни нозик жинс вакилалари бажаришлари шарт бўладими ёки йўқ, аниқ хулоса чиқариш қийин, дейишади улар.

Хабарлардан аён бўлишича, мамлакат Уламолар Олий кенгашининг сўнгги баёноти умумий маънода афғон ҳукумати томонидан хуш қаршиланган.

Бу нима дегани?

Афғонистон Уламолар Олий кенгашининг янги баёноти Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари олиб бориш ҳаракатлари кучайган бир манзарада кузатилмоқда.

Мамлакат хотин-қизлари эса, бу саъй-ҳаракатлар ортида ўз ҳуқуқларининг топталиши эҳтимолидан жиддий хавотир изҳор этиб келишади.

Афғонистондаги фуқаровий жамият вакиллари ҳам уламолар кенгашининг баёнотини кескин танқид қилиб чиқишган.

Уларга кўра, баёнотдан мақсад афғон хотин-қизларига босим ўтказишдир.

Фаолларнинг таъкидлашларича, ишлаш жойларида хотин-қизларнинг эркаклар билан мулоқотда бўлмасликларининг ўзи имконсиз.

Асл муаммо нимада?

Кенгашнинг баёнотига баҳо бераркан, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоли Сойра Шикибнинг таъкидлашича, асл муаммо "Уламоларнинг Ислом динини оддий халққа илмий жиҳатдан тушунтира олмасликлари билан боғлиқ".

"Шу сабабдан ҳам, дин суиистеъфода этилади, турли муаммолар ўртага чиқади, одамларга турли қийинчиликлар яратилади", дейди Шикиб хоним.

Уламолар Олий кенгашининг баёнотини хуш қаршилаган Афғонистон ҳукумати эса, хотин-қизлар хусусидаги бандларига расман бирор бир муносабат билдирмаган.

Афғонистон конституциясида эркаклар ва аёлларнинг тенгҳуқуқликлари кўзда тутилган.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, Толибон тузуми қулашидан 10 йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, Афғонистон халқи ҳам ортиқ хотин-қизларга қарши зўравонликларга тоқат қилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ