Россия президентлик сайлови: Владимир Путин ғолиб

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Россия Марказий Сайлов ҳайъати маълумотларига кўра, якшанба кунги президентлик сайловларида мамлакат Бош вазири Владимир Путин ғолиб чиққан.

Расман билдирилишича, жаноб Путин овозларнинг 64 фоизга яқинини қўлга киритган.

Сўнгги рақамлар овозларнинг 99 фоиздан ортиқроғи санаб бўлиниши ортидан эълон қилинмоқда.

Владимир Путин сайловлардаги қолган тўрт рақибини катта фарқ билан ортда қолдирган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Геннадий Зюганов 17,19% овоз билан иккинчи, Михаил Прохоров эса, 7,82% фоиз овоз тўплаб, учинчи ўринни эгаллаб туришибди.

Россия президентлик сайловларида овоз беришга ҳақли аҳолининг 65,3 фоизи иштирок этгани айтилмоқда.

Тўрт йиллик Бош вазирлик фаолияти ортидан, Владимир Путин энди учинчи бор Россия президентлиги курсисига қайтадиган.

Аммо мамлакат мухолифати сайловларда жиддий қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтиб, бугун кечроқ Москвада норозилик намойиши ўтказиш режасида.

Владимир Путиннинг тарафдорларига кўра эса, Бош вазир шаффоф ва холис сайловларда ғолиб чиққан.

Қирғизистон жанубида 2010 йилда юз берган сўнгги қонли миллий низолар ортидан, Россияга қочиб бориб, Россия фуқаролигини олган ўзбеклар ҳам озмунча эмас.

Ўнлаб ўзбек хонадонлари бугун Самарадан тортиб, Свердловск, Хабаровсккача, яъни Россиянинг ҳар бурчагидан бошпана топишган.

Хўш, шароит тақозоси билан Россия фуқаролигини олган ўзбеклар президентлик сайловларида кимга овоз беришди?

Суҳбатдошимиз икки йилдирки Москвада истиқомат қилаётган ўшлик қочқинлардан бири:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Кузатувчилар нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотидан бўлган халқаро кузатувчилар Россия президентлик сайловларида қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтишмоқда.

Улар сайлов кампаниясининг ўзи эса, Бош вазир Владимир Путинга ён босиш асосига қурилганини урғулашган.

Кузатувчиларга кўра, мамлакат оммавий-ахборот воситалари ҳам Владимир Путинга кўпроқ имкониятлар муҳайё этган.

"Голос" мустақил кузатувчилар гуруҳининг билдиришича, Владимир Путин сайловларда 50 фоиздан ортиқроқ овозларни қўлга киритган, холос.

Гуруҳга кўра, сайловларда жараёнида айрим сайловчиларнинг бир неча бор овоз беришганига гувоҳ бўлишган.

Сайлов участкалари ёпилиши ортидан гапирган Геннадий Зюгановга кўра, "сайловлар адолатсиз ва бир тийинга қиммат бўлган".

Унга кўра, халқнинг ғазабини тошираётгани учун, жаноб Путин "Россияни аввалгидек бошқара олмайди".

Оммавий намойишлар лидерларидан бўлган Владимир Рижков эса, "якшанба кунги сайловларни ҳеч қанақасига қонуний деб бўлмаслиги"ни иддао этган.

Аммо унинг ўзи сайловларда иштирок этмаган.

Россия Бош вазирининг сайловолди кампаниясига бошчилик қилган Станислав Говорухиннинг айтишича, "бунақанги тоза сайловлар Россия тарихида бўлмаган".

Якшанба кунги овоз беришларни минглаб мустақил кузатувчилар кузатиб боришган ва сайлов участкаларида махсус назорат камералари ҳам ўрнатилганди.

Шодиёналар

Владимир Путиннинг ўн минглаб тарафдорлари унинг ғалабасини байрам қилиш учун кеча тунда Кремл ташқарисида уюштирилган концертда иштирок этишган.

Улар қўлларида Россиянинг давлат байроқлари ва ҳар хил шиорлар кўтариб олишган.

Уларда "Путин - бизнинг президентимиз", "Биз Путинга ишонамиз", деган сўзлар ёзилган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев билан бирга қисқа кўриниш берган жаноб Путин мамлакатнинг ҳар бир бурчагидаги тарафдорларига миннатдорчилик билдирган.

"Биз сизга ғалаба қозонишга ваъда бергандик ва сўзимизнинг устидан чиқдик. Яшасин Россия", деб айтган кўзларида ёш билан Россия Бош вазири.

Сайловлардаги ғалабаси ортидан, Владимир Путин энди Россияни 2018 йилгача бошқаради. Ва ундан кейин яна олти йилга президентлик курсисида қолиш имконияти ҳам бўлади.

Жаноб Путин Россия конституцияси кетма-кет учинчи бор президентлик қилишга изн бермагани учун 2008 йилда тўрт йилга Бош вазирликни қабул қилиб олганди.

Сайловлардан кун ўтиб ҳам, пойтахт Москвада хавфсизлик чоралари ниҳоятда кучли экани ва олти минг нафар қўшимча полиция кучларининг сафарбар этилгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ