Ливия исёнчиларни тайёрлаётганини рад этган

Ливия бош вазири Абдур Раҳим ал-Киб Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ливия ҳукуматига жангариларни тайёрлаш маркази борлиги маълум эмас, деган бош вазир Абдур Раҳим ал-Киб

Ливия ҳукуматига Сурия кучларига қарши жангариларни тайёрлаш маркази ҳақида ҳеч нарса маълум эмас, деб айтган Ливия бош вазири Абдур Раҳим ал-Киб.

"Қандайдир тайёрлов ўқув маркази борлигидан хабарим йўқ. Фақат ҳукуматнинг рухсатисиз нимадир мавжуд бўлса, лекин бундай бўлишига катта шубҳам бор, деган жаноб бош вазир АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон билан бирга ўтқазилган матбуот анжуманида.

Шу ўринда у Сурия мухолифатини қувватлашини билдирган. Ливия ҳукумати Сурия мухолифат кенгашини биринчи бўлиб тан олганини айтиб ўтган.

7 мартда Россиянинг БМТ даги доимий вакили Виталий Чуркин Ливия ҳукумати қўли остида Сурия ҳукуматига қарши исёнчиларни махсус тайёрлайдиган марказ борлиги ҳақидаги хабарлардан хавотирини изҳор этган.

Унинг сўзларига кўра, марказ "аскарлари" Суриянинг қонуний ҳукуматига қарши "жанговор ҳаракатлар олиб бориш учун" жалб этилмоқда.

"Бу халқаро ҳуқуқ меъёрларига тўғри келмайди.Бундан ташқари бундай ҳаракат Яқин Шарқ минтақасида барқарорликка путур етқазади",- деган жаноб Чуркин.

17 мартда полковник Қаддофийга қарши Бенғозида бошланган биринчи қўзғолонга бир йил тўлади.

Бенғози шаҳридан кейин қўзғолон тезда бутун мамлакатга тарқалди.

Ҳукумат кучлари қўзғолонни бостиришга уриниши ортидан НАТО кучлари можарога аралашди.

20 мартда Қаддофий ўзи туғилиб ўсган Сирт шаҳрида ўлдирилди.

Сурияда эса мухолифат ва ҳукумат кучларининг қуролли тўқнашувлари ўтган йилнинг май ойидан бошлаб давом этади.

БМТ нинг ҳисоботига кўра камида 7,5 минг тинч фуқаро ўлдирилган, 2 мингдан ортиқ ҳукумат кучлари ходимлари ҳалок бўлгани айтилади.