Обама ва Путин аразларни унутиб, муносабатларни яхшилашга келишишган

Путин ва Обама Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Америка президентининг Путинни ғалабаси билан узоқ вақт табрикламагани турли фикрларга сабаб бўлган

Америка президенти Барак Обама жума куни Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, уни Россияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолиб чиққани билан қутлаган.

Бош вазирнинг ташқи ишлар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаковга кўра, " телефон орқали суҳбат норасмий тарзда ўтган ва 20 дақиқача давом этган".

Жаноб Обама "Россия билан ҳамкорликда ишлашга тайёр" эканлигини билдирган.

Ўз ўрнида Владимир Путин табрик учун миннатдорчилик билдирган, Россия ва Американинг ҳамкорлиги дунёда хавфсизликни таъминлаш, "айниқса ҳозирги қалтис вазият"ни ҳисобга олганда жуда муҳимлигини таъкидлаган.

Обама ва Путин яқин орада Америка-Россия саммитини ўтказишга мойилликларини билдиришган.

Сайловолди даврида бир-бирларига нисбатан айтилган танқидий гаплар Россия-Американинг кейинги алоқаларига таъсир қилмаслиги кераклиги айтилган, аразларни унутиб, муносабатларни яхшилашга келишилган.

Олдинроқ Америка президентининг Путинни ғалабаси билан узоқ вақт табрикламагани турли фикрларга сабаб бўлган эди.

Россияда президентлик сайловлари 4 мартда бўлиб ўтган, 7 мартда Россия Марказий сайлов қўмитаси Путинни президент қилиб сайланганини расман эълон қилган эди.

Америка бош котиби Хиллари Клинтон Вашингтон "Россия президентлик сайловларининг ғолиби Владимир Путин билан ҳамкорликда ишлашга тайёр" эканлигини билдирган, унинг бу мурожаати россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг эътирозига сабаб бўлган.

Шу билан бирга Клинтон хоним сайлов жараёнида юз бергани айтилган қонунбузарликларни аниқлаштиришга чақирган, 5 мартда сайлов натижаларига қарши чиққан тинч намойиш қатнашчиларининг ҳибсга олинганидан хавотирини билдирган.