Москвада аксилҳукумат намойиши бўлиб ўтган

Москвада мухолифатнинг намойиши бўлиб ўтмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Намойишга 30 мингга яқин одам йиғилган

Москвада мухолифатнинг намойиши бўлиб ўтган. Намойишга 50 минг кишининг қатнашиши айтилган бўлсада, ундан камроқ, 30 мингга яқин одам қатнашган. Намойишчилар шиорлар кўтариб олганлар ва норозилик ҳаракатининг рамзига айланган-оқ ленталарни қўлларига тақиб олганлар.

Шаҳар мэрлиги Новий Арбатда намойиш ўтказилишига рухсат берган. Намойишнинг 3 соат давом этиши айтилган.

Бир неча минг полициячи ва ҳарбийлар Кремл яқинига ва бошқа майдонларга келтирилган.

Мухолифат вакиллари ва фаолларнинг норозилик намойиши 4 декабрда Давлат Думасига ва ўтган якшанба куни ўтказилган президентлик сайловларининг ҳаққоний ўтмаганига жавобан бўлиб ўтган.

Намойишни ўз нутқи билан очган Владимир Рижков Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзганидек, асосий шиорлар "Булар сайлов эмас!"," Бу Дума эмас!","Бу президент эмас!" бўлган.

Намойишда сайловлардаги қонунбузарликларга гувоҳ бўлган кузатувчилар ва гувоҳлар сўзга чиқишган.

Намойишнинг тинч ўтгани айтилган бўлсада, "сўл қанот" раҳбари Сергей Удальцов бир нечта тарафдорлари билан ҳибсга олинган.

Улар Новий Арбатда рухсат этилган намойишдан сўнг тарқалишни истамай, Пушкин майдонига қараб йўл олган пайтда қўлга олинган. Удальцов ва тарафдорлари "Россия Путинсиз!"деб қичқиришган.

Митинг ташкилотчилари кейинги акцияларни ўтказиш тартибларини тузишга ваъда берганлар.

Кейинги намойиш Россия президентининг иннагурацияси бўлиб ўтадиган 7 майда ўтказилиши мумкин.

"Энг муҳими-биз сиёсий реформаларга, Думага, президентликка, шаҳар мэрлигига, минтақа губернаторларига ва маҳаллий депутатларга қайта сайловларга эришишимиз лозим",- деб айтган "Халқ озодлиги партияси"нинг раҳбарларидан бири Владимир Рижков.

Сўзга чиққанлар хоҳловчиларни 11 мартда журналист Ольга Романованинг эри бизнесмен Алексей Козловнинг маҳкамасига таклиф этганлар.

Мухолифатга кўра, Козловга қарши иш сохталаштирилган.

Шу билан бирга "Русские" миллий ҳаракатининг раҳбари Дмитрий Демушкин ўзининг тарафдорларини Янги Арбатдан олиб кетишга қарор қилган.

Демушкиннинг Би-би-си мухбирига айтишича, намойишда илгари сурилган талаблар,хусусан, бизнесмен Козловни қўллаш акцияси айни пайтда муҳим бўлмаган.

Намойишлар жонга тегдими?

Facebook ижтимоий тармоғида жума куни норозилик амалларини қўллаб,намойишга қатнашишини билдирганлар сони 6 мингга етмаган. Олдинги норозилик номойишларига қатнашишни истаганлар сони кўп эканлиги кузатилган.

Фаоллар ва мухолиф сиёсатчиларнинг намойишга келишга чақириқлари, ҳатто бу намойишлар нима учун муҳим эканини айтиб, махсус видеомурожаат билан чиққанларига қарамасдан одамлар норозилик акцияларидан ҳафсалалари пир бўлган.

Сайловдан кейин 5 мартда бўлиб ўтган намойишда 15 мингдан 20 минггача одам йиғилган.

Намойишга келганларнинг кўпчилиги Би-би-си мухбирига бу каби оммавий намойишларнинг таъсири бўлишига ишонмасликларини,"нотиқлар саҳнага чиқиб нутқ сўзлашини, кейин резолюция қабул қилиниши билан иш тугашини" айтишган.

Пушкин майдонидаги намойиш камида 200 фаолнинг ҳибсга олиниши билан тугаган.

Сергей Удалцов, Алексей Навальний, Илья Яшин кабилар ўз тарафдорларини намойиш тугугандан сўнг ҳам узлуксиз акция ўтказиш учун қолишга чақирган.

Полиция Пушкин майдонида ва унинг атрофида намойишни давом эттиришга қолганларни ҳибсга олган.

Санкт-Петербургдаги Исаакиевской майдонида рўйхатга олинмаган намойишга келган 800 кишидан камида 300 таси ҳибсга олинган.

Фаолларга кўра, қўлга олинганлар полиция бўлинмаларида ҳеч бир айблов эълон қилинмасдан икки кун сақланган.

Мухолифат фаолларидан бири Сергей Удалцов 10 мартдаги намойиш яқин ойларда ўтказилиши мўлжалланган намойишларнинг охиргиси эмаслигини айтган.

Сайловда ғолиб бўлган Владимир Путинни президентликка қасамёдга келтириш маросими 4 майда бўлиб ўтиши мўлжалланган.

Бу мавзуда батафсилроқ