Сурия: Кофи Аннан тинчлик миссиясини бошлаган

Кофи Аннан Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Кофи Аннан Суриядаги зиддиятни фақат дипломатия йўли орқали ечиш мумкинлигини айтган

БМТнинг собиқ бош котиби, БМТ ва Араб Лигасининг махсус элчиси Кофи Аннан Сурия президенти Башар ал-Ассад билан музокара олиб бориш учун Дамашққа етиб борган.Сафардан асосий мақсад - мамлакатда давом этаётган зўравонликларни тўхтатиш учун сиёсий ечим топиш, томонлар ўртасида тинчлик битимига эришишдир.

Сафар олдидан Кофи Аннан Сурияга нисбатан ҳар қандай ҳарбий аралашувга қарши чиққан, бундай усул вазиятни янада мураккаблаштиришини айтган.Жаноб Аннан зиддиятни фақат дипломатия йўли орқали ечиш мумкинлигини таъкидлаган.

Сурия миллий кенгашининг раҳбари Бурхон Халун собиқ БМТ бош котиби ва Араб Лигаси вакили Кофи Аннаннинг Сурия президенти Башар ал-Ассад билан мулоқотни тиклашга ундовини ёқламаган.

Жаноб Халунга кўра,"ўз фуқароларини ўлдираётган тузум билан мулоқот" қилиш деган фикрнинг ўзи нотўғридир.

Мухолифат фаолларига кўра, Сурия кучлари Идлиб вилоятига қараб бормокда.

Ҳукумат кучлари "Сурия озодлик Армия"сининг жангчиларига карши ҳужумга ўтиши мумкинлигидан хавотирлар пайдо бўлган.

Бурхон Халун Кофи Аннан Суриядаги зўравонликларни тўхтатиш борасида ўзининг режаларини билдиради, деб айтган.

Шунингдек у "Кофи Аннангача ҳозир бўлган бошқа халқаро элчилар қатори у ҳам ой, балки ундан кўпроқ муддатини бесамар яраштириш ишларига сарфлаши мумкинлиги"дан огоҳлантирган.

Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги БМТнинг Сурия борасидаги резолюциясини бир томонлама деб атаган.

Ташқи Ишлар Вазирининг ўринбосари Геннадий Гатиловга кўра, резолюциянинг муаммоси икки томондан хам бир вақтнинг ўзида зўравонликларни тўхтатишга қадам қўйишга чақирилмаган.

Россия ва Хитой икки марта БМТ резолюциясини муҳокама қилиш пайтида вето қўйиш ҳуқуқларидан фойдаланишган.

Пекин вакили Ташқи ишлар вазири ўринбосари Чжан Миняни Саудия Арабистони, Франция ва Мисрга Сурия масаласини муҳокама қилиш учун юборганини айтган.

Суриядаги қуролли тўқнашувлар қариийб бир йилдан буён давом этади. БМТ ҳисоботига кўра қурбонлар сони 7,5 мингдан ошиб кетган.