Афғонистон: америкалик аскар устидан очиқ маҳкама ўтқазилсин!

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Афғонистондаги маҳаллий ва хорижий кучларнинг жанговор ҳолати яна ҳам кучайтирилган

Афғон парламенти америкалик аскарнинг 16 афғон фуқаросини отиб ўлдиргани юзасидан резолюция қабул қилган.

Резолюцияда айтилишича, "афғонлар мамлакатда мавжуд ҳорижий қўшинларнинг ҳаракатларидан сабр косалари тўлган. Тинч фуқароларни отиб ўлдирган америкалик аскар Афғон қонуни олдида очиқ маҳкама жараёнида жавоб бериши керак".

Президент Ҳамид Карзай Қандаҳор вилоятига қотилликни ўрганиш ҳаъатини юборган.

Америка аскари ҳарбий базасидан чиқиб 16 тинч фуқарони ўлдиргани учун эҳтимолий қасос олиш амалларидан хавотирланган Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари янада кучайтирилган жанговор ҳолатга ўтказилганлар.

Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилояти Панжвойи туманидаги ҳарбий базада хизмат ўтаётган Америка аскари шанбадан якшанбага ўтар кечаси базага яқин жойлашган маҳаллий аҳоли уйларига кирган, одамларга қарата ўт очган.

Ҳодиса тунги соат 3 ларда юз берган.

Ҳарбий базадан 500 метрча узоқликда жойлашган қишлоқлар номи Алкозай ва Нажибан экани хабар қилинган.

Ҳалок бўлганларнинг тўққиз нафари болалар бўлганлар.

Бир кекса киши ўз оиласининг 11 аъзоси ўлдирилганини айтган.

Бу хонадондаги инсонлар отиб ўлдирилганидан кейин жасадлар ёқиб юборилган.

Уч боланинг бошига биттадан ўқ отилган.

Исми шарифи ошкор этилмаган аскарнинг яна ҳарбий базасига қайтиб таслим бўлгани хабар қилинган.

Америка ҳарбийларига кўра, ушбу ҳужумдан олдин аскар асабий хуружга дуч келган.

АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистон Президенти Ҳомид Карзайга қўнғироқ қилиб таъзия изҳор қилган.

Ушбу қотиллик юзасидан НАТО Бош котиби Андерс фоғ Расмуссен ҳам ҳамдардлик билдирган, НАТО раҳбари баёнотида ушбу ҳодиса синчковлик билан текширилишига ваъда берилган.

Бироқ Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай қотилликни "кечириб бўлмас" деб атаган.

"АҚШ ҳарбийларининг тинч афғонларни қасддан отиб ўлдирилиши - кечириб бўлмайдиган террорчилик амали" деб айтган Президент Карзай.

Қандаҳордаги афғон оқсоқоллари президент Карзайдан зудлик билан бу ҳодиса юзасидан чора кўришни, қандай қилиб америкалик аскар якшанба куни эрталаб афғон қишлоғига кириб 16 кишини ўз уйида, жумладан 9 та болани отиб кетиши мумкинлигини сўрашган.

Маҳаллий одамларга кўра, ҳодиса иштирокчилари маст аҳволдаги бир неча америкалик аскар бўлиши мумкин. Қандаҳорнинг ғазабланган аҳолиси ҳам ҳодиса юзасидан тўлиқ текширув ўтказилишини талаб қилишган.

"Бу фожеали ҳодиса. Биз Оммавий ахборот воситалари орқали эшитдикки, қотил аскар руҳий носоғлом бўлган экан. Лекин бу албатта текширилиши керак. Бу ҳақиқатдан шундайми ёки у маст ҳолатда бўлганми? Агар у бу ишни онгли равишда содир этган бўлса, унга ўлим жазоси берилиши керак. Акс ҳолда, катта муаммолар кўтарилиши мумкин. Бу Толибонга қўл келади ва уни кучли қилиши мумкин",- деб айтган қандаҳорлик Ҳожи Назар.

" Биз аскарларнинг маст бўлганини эшитдик. Буни ҳукумат текширишини талаб қиламиз. Одамлар бу қотилликдан жуда ғазабдалар. Қандай қилиб кофир одам мусулмон кишининг уйига кириб, болалар ва аёлларни ўлдириши мумкин? Мен учун ҳам бу жуда қайғули. Ҳатто толиблар томонида туриб бу чет элликларга қарши курашишга тайёрман",- деган яна бир қандаҳорлик Ҳожи Дин Муҳаммад.

"Қандай қилиб ёш болаларни отиш мумкин?! Улар Толибон эмаску, бу ерда толиблар йўқку!", - деб айтган афғон аёли.

Пентагоннинг Вашингтондаги матбуот котиби капитан Жон Керби ҳодиса содир бўлгандан сўнг аскар қўлга олингани ва сўроқ қилинганини билдирган.

Жаноб Кербига кўра, содир этилган ҳодиса Америка қўшинларининг Афғонистондаги миссиясини бажаришга таъсир қилмаслиги керак. "Бу фожеали. Бу жудаям фожеали ҳодиса, лекин бу бизнинг Афғонистонда амалга ошираётган амалиётларимизга таъсир қилиши яна ҳам катта фожеа бўлиши мумкин", - деб айтган Пентагон матбуот котиби.

НАТО раҳбарияти Афғон расмийлари билан биргаликда ушбу ҳодисани текширишга киришганларини маълум қилган. Генерал Карстен Жакобсон бу савол тезда ечилишини билдирган. "Биз Қандаҳордаги ҳодисадан қайғудамиз ва бу хабар бизни карахт қилиб қўйди. Қурбон бўлганларнинг оилаларига ўзимизнинг чуқур таъзиямизни билдирамиз. Биз афғон халқига тез ва чуқур текшириш ўтказилишига ваъда берамиз".

Ушбу қотиллик учун Толибон қасд олишга чақирган.

Тинч фуқаролар ўлдирилганидан хабардор бўлиб ғазабланган маҳаллий аҳоли Панжвойидаги Америка ҳарбий базаси атрофида тўпланганлар.

Ушбу хабар Афғонистонда янада кўп одамларни ғазаблантириши тайин.

Сўнгги ҳодиса мамлакатда Қуръон ёқилишидан кейинги таранглик кузатилаётган пайтда юз берган.

Кобулга яқин Багром ҳарбий базасидаги чиқиндиларни ёқадиган печга америкалик ҳарбийлар Қуръон нусхасини ташлаганлари маълум бўлгани мусулмон дунёсида ғазабларни уйғотди.

Афғонистоннинг турли бурчакларида мусулмонлар норозилик намойишларига чиқдилар, намойишлар зўравонликларга айланди.

Оқибатда камида 30 афғон, олти америкалик ҳарбий ҳалок бўлди.

Багром базасидаги ҳодиса учун НАТО ва АҚШ раҳбарияти кечирим сўради, текшириш бошлангани хабар қилинди.

Бу мавзуда батафсилроқ