Афғонистонда толиблар қасос амалини бошлашган

Афғонистонда  ҳукумат делегациясига ҳужум қилинган Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Толибон америкалик аскарни бошидан жудо қилиш билан қасос олажагини эълон қилган.

Қандаҳорда Америка аскари 16 тинч фуқарони отиб ўлдиргандан кейин ҳодиса жойига юборилган ҳукумат ҳайъатига ҳужум уюштирилган.

Афғонистон президенти Ҳомид Карзайнинг икки укаси ва бир нечта юқори мулозимли ҳарбийлар Панжвойи ҳайъати сафида бўлишган.

Қаюм Карзайнинг Ассошэйтед Пресс агентлигига айтишича, ҳозирда уларга нисбатан хавф йўқ, ҳайъат Қандаҳорга қайтиб бормоқда.

Афғон мулозимининг Би-би-сига тасдиқлашича, ҳужум бир неча томондан уюштирилган. Афғон аскарлари уларга қарата жавоб ўқи отишган.

Ички ишлар вазирининг матбуот котиби Содиқ Сиддиқийнинг Франс-прессга айтишича, " бир ва ундан ортиқ жангари ҳужум қилиш учун яшириниб турган.

Делегация келгач ўқ отган. Бир полициячи яраланган. Қидирув ишлари олиб борилмоқда".

Сешанба куни 600 га яқин талаба Жалолобод шаҳрида намойиш ўтқазишган. Улар "Ўлим Америкага! Ўлим Обамага!"деб қичқиришган.

"Шошилиш керак эмас"

Президент Барак Обама содир бўлган ҳодисани "юракни ларзага солувчи, фожеали", деб атаган.

Лекин халқаро кучлар Афғонистондан чиқиб кетиши учун "шошилиш керак эмасли"лигини билдирган.

Жаноб Обаманинг айтишича, халқаро кучлар афғонлар ўзларини ҳимоя қилишларига кучлари етишига ишонч ҳосил қилиши ва Ал-Қоидани мамлакатга қайтиб келишига йўл қўймаслик лозим.

Оқ уйнинг расмий вакили Жей Карни НАТО кучларининг Афғонистондан олиб чиқишилиши ўзининг навбати билан амалга оширилишини, мўлжалланганидек 2014 йилнинг охирида тугалланишини айтган.

Пентагон расмийлари қидирув ишлари бораётгани сабабли аскарнинг исмини ва сақланаётган жойини ошкор қилолмасликларини билдиришган.

Расмийларга кўра, у оддий аскар бўлиб, Афғонистонга келишдан олдин Ироқда уч марта хизмат қилган. Хабарларга кўра,38 ёшли аскарнинг учта боласи бўлган.

"Кечириб бўлмайди"

Маҳаллий аҳоли қуролланган одам уйма-уй ўтиб, одамларни отганида қўрқувдан қандай аҳволга тушганларини айтиб беришган.

"Мен у одам уйдан аёлни сочидан судраб олиб чиқиб, деворга бир неча марта урганини кўрдим. Аёл бир оғиз ҳам сўз айтмади",- деган гувоҳлардан бири.

Америка Мудофаа вазири Леон Панетта америкалик аскар айбдор деб топилса, унга ўлим жазоси берилиши мумкинлигини айтган.

Толибон қотил америкалик аскарни бошидан жудо қилиш билан қасос олажагини эълон қилган.

Афғон парламенти америкалик аскарнинг 16 афғон фуқаросини отиб ўлдиргани юзасидан резолюция қабул қилган.

Резолюцияда айтилишича, "афғонлар мамлакатда мавжуд ҳорижий қўшинларнинг ҳаракатларидан сабр косалари тўлган. Тинч фуқароларни отиб ўлдирган америкалик аскар Афғон қонуни олдида очиқ маҳкама жараёнида жавоб бериши керак".

"Асаб ҳуружи?"

Америка аскари ҳарбий базасидан чиқиб 16 тинч фуқарони ўлдиргани учун эҳтимолий қасос олиш амалларидан хавотирланган Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари янада кучайтирилган жанговор ҳолатга ўтказилганлар.

Афғонистон жанубидаги Қандаҳор вилояти Панжвойи туманидаги ҳарбий базада хизмат ўтаётган Америка аскари шанбадан якшанбага ўтар кечаси базага яқин жойлашган маҳаллий аҳоли уйларига кирган, одамларга қарата ўт очган.

Ҳалок бўлганларнинг тўққиз нафари болалар бўлганлар.

Бир кекса киши ўз оиласининг 11 аъзоси ўлдирилганини айтган.

Бу хонадондаги инсонлар отиб ўлдирилганидан кейин жасадлар ёқиб юборилган.

Уч боланинг бошига биттадан ўқ отилган.

Исми шарифи ошкор этилмаган аскарнинг яна ҳарбий базасига қайтиб таслим бўлгани хабар қилинган.

Америка ҳарбийларига кўра, ушбу ҳужумдан олдин аскар асабий хуружга дуч келган.

Бу мавзуда батафсилроқ