Учинчи муддат фақат содиқлар билан...

Путин,Берлускони,Медведев Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Давлат ишлари тоза ҳавода муҳокама қилинган

8 мартда Владимир Путин ва Дмитрий Медведев Сочидаги "Красная поляна" қароргоҳида бўлажак ҳукуматнинг таркибини муҳокама қилишган.

"Ҳукумат таркибида сиёсат тартиб-қоидасидан келиб чиқиб баъзи бир ўзгаришлар қилиниши табиий, лекин уни сезиларли деб бўлмайди"-, дейишмоқда кузатувчилар.

Уларнинг фикрича, Путин бу борада консерватив бўлиши табиий ва охирги сўзни айтишни ўзида қолдиради.

"Красная поляна"даги суҳбатни оммага ошкор қилмаслик ҳам мумкин эди.

Лекин янги сайланган президент ҳукуматдаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрларини Медведев билан муҳокама қилаётганини халққа айтишни лозим деб топган.

"Қандайлигини мен ҳозирча айтмайман. Биз Дмитрий Анатолевич билан бу ҳақда бир қарорга келишимиз керак. Аниқ ғоялар бор, лекин уларни қоғозга туширишдан олдин айтишнинг нима ҳожати бор?"- деб айтган жаноб Путин 7 март куни журналистларга.

"Аниқроғи, 7 майдаги президентлик инагурациясидан кейин бунга фурсат келади. Унгача ҳеч ким сизга олдиндаги кадр ўзгаришларини айтмайди",- деган Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков.

Сиёсатчи эмас, мансабдор

Ҳозирча ҳукуматдаги битта одамнинг - унинг раҳбарининг кимлиги маълум.

2 мартда ҳорижий нашрлар муҳаррирлари билан суҳбатда Путин бош вазирлик вазифасини Дмитрий Медведевга таклиф қилишини тасдиқлаган.

"Путин ваъда берган эди ва ўзининг ваъдасини бажармасликни очиқдан-очиқ бузолмайди",- деб изоҳлайди сиёсатшунос Дмитрий Орешкин.

Россия кузатувчиларига кўра, Путинда Медведевни "унутиш"га мойиллик кучли.

У ҳукумат раҳбари бўлгани билан бу узоққа бормаслиги мумкин.

Халқаро сиёсий тадқиқотлар институтининг бош директори Евгений Минченкога кўра,"ҳақиқий муддат 1-2 йил бўлиши мумкин".

Бироқ бошқа таҳлилчиларнинг фикрича, Путинга кучли ва мустақил бош вазирнинг, мисол учун, ўз вақтида бўлган Виктор Черномирдин каби бир сўзли сиёсатчиларнинг нима кераги бор?

Медведевдан кўра муқобил, бошқариладиган одамни топиш мушкул, у бу хислатларини аллақачон исботлаб берди. Шундай экан, Путинга уни ўзгартиришнинг нима кераги бор ва аниқроғи кимга ўзгартиради?

Валерий Хомяковга кўра, иқтисодий вазият ўзгариб қолмаса, Медведев бемалол олти йил ишлаб бериши мумкин.

"У мустақил шахс эмас. Путинга бу жуда қулай. Путин ишламайди, бошқаради. Медведев ишлайди. Нимадир тушунарсиз бўлар экан, Путин унга тушунтиради",- деб тахмин қилади сиёсатшунос.

Нима бўлганда ҳам, Путин мамлакатни бутунлай ошкор тарзда диктаторлик ва ҳарбий давлатга айлантиришни ўйламаган.

Мамлакатда қандайдир сиёсий ўзгариш бўладиган бўлса, шу бир муддатнинг ўзида унда муаммолар туғилиши мумкин.

Медведевга мамлакат тизимидаги муҳим ўзгаришлар бўйича чиқишларга имкон бериш, омма олдида доим бирга кўриниш билан Путин Медведев нафақат "ўз гуруҳи аъзоси" эканлигини, балки яқин ва муҳим ҳамкори эканини кўрсатиб қўймоқчи.

"У 6 йилдан кейин Медведевни яна "давомчиси" сифатида илгари суриши мумкинми?"- деб савол қўяди сиёсатшунос Станислав Белковский.

"Бўлиши мумкин. Медведев ҳукуматдан кетмайди, у бирор мансаб эгаси бўлиши мумкин. Лекин мустақил шахс сифатида у ўз-ўзига чизиқ тортиб бўлди. Ҳеч ким уни сайламаслиги энди аниқ. Медведев 24 сентябр 2011 йил ўзига сиёсий суиқасд қилди",- деб жавоб қайтаради жаноб Белковский.

Янгилар кимлар?

Бу борада энг кўп Михаил Прохоровнинг исми эсланмоқда.

7 мартда журналистлар билан учрашувда Путин ҳам "президентлик пойгасида учинчи бўлиб келган номзод ҳукуматда керак бўлиши мумкин, агар ўзи буни хоҳласа",- деб айтган.

Бироқ Валерий Хомяковнинг ишонишича, Прохоровга бу нарсанинг кераги йўқ.

"Унинг сиёсий ўсиши учун партия тузиш ва мустақил сиёсатчи бўлиш муҳим"." Прохоров ҳукуматга фақат раҳбарликка кўниши мумкин. Лекин унга буни таклиф қилишмайди",- дейди сиёсатшунос.

Кимлар қолади?

Путин 7 мартдаги матбуот анжуманида бош вазир ўринбосари Игор Сечин, Ростатом бошлиғи Сергей Кириенколарни алоҳида таъкидлаб мақтаган.

Кузатувчилар Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, бош вазир ўринбосари Игор Шувалов ва Сочи олимпиадасига масъул Дмитрий Козакларнинг ҳам катта "имконият"лари мавжудлигини ўзаро тахмин қилишган.

Евгений Минченкога кўра, "қандайдир кишиларни Медведев ҳам олиб келиши мумкин".

Кимларнинг курсиси нозик?

Фавқулодда вазиятлар вазири Сергей Шойгунинг Узоқ Шарқдаги вазифаларга ўтказилиши тахмин қилинмоқда.

Кексайиб қолган бош вазир биринчи ўринбосари Виктор Зубков "дам олиш"га жўнатилиши мумкин.

Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев ва Мудофаа вазири Анатолий Сердюковнинг курсиси қимирлаб қолгани кўпроқ айтилмоқда.

Иқтисод вазири Алексей Кудриннинг вазифасини эгаллаган Алексей Силуанов ҳам таҳлилчилар фикрича мустаҳкам ўрнашиб ололмаган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, нима бўлганда ҳам ҳукуматда катта ўзгаришларни кутиш керак эмас.

Рамзий бошқарув

2008-2012 йилларда Россияда бош вазир ундан каттароқ мавқеъга эгалиги маълум эди.

Энди эса, ҳукумат Россия учун анъанавий "рамзий"лик мавқеъига қайтиб келади.

"Бор-йўқлиги бизнинг ҳаётимизга таъсир қилмайдиган рамзий ҳукумат бўлади, ҳеч ким ҳукуматнинг қарорини нафасини ичига ютиб кутиб ўтирмайди",- дейди сиёсатшунос Валерий Хомяков.

Бу мавзуда батафсилроқ