"Сурия пиёдаларга қарши миналардан фойдаланмоқда"

Сурия пиёдаларга қарши миналардан фойдаланмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Чегарадан зўравонликлардан қочиб ўтаётган одамлар бу миналарга дуч келмоқда

Сурия ҳарбийлари Ливан ва Туркияга яқин чегараларга миналарни жойлаштирган.

Чегарадан зўравонликлардан қочиб ўтаётган одамлар бу миналарга дуч келмоқда, деб таъкидлаган Human Rights Watch халқаро ташкилоти.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу миналардан жабрланган кўп сонли тинч аҳоли ва Сурия мухолиф кучларининг берган маълумотларига таяниб хабар берган.

28 ёшли Сурия армиясининг собиқ сапёри Human Rights Watchга айтишича, мартдан буён Туркия чегарасига яқин Ҳасания қишлоғидан дўстлари билан қариийб 300га яқин минани зарарсизлантирганини айтган.

Яна бир гувоҳ 15 ёшли бола дўсти билан Ливанга ўтиб кетаётганида минага учраб яраланганини гапирган:"Мен чегарага етишга 50-60 метрлар қолганда мина портлади, дўстим ҳалок бўлди",- деган у.

Human Rights Watch ташкилотининг оддий қуролларни назорат қилиш бўлими бошлиғи Стив Грузга кўра, 1997 йилда қабул қилинган, 159 мамлакат имзо чеккан Оттава шартномасига мувофиқ (бу шартномага Сурия қўшилмаган), пиёдаларга нисбатан миналарни ишлаб чиқариш ва сотиш тўғридан-тўғри таъқиқланади.

"Бу қуролни бирор бир мақсад билан ишлатган мамлакатни оқлаб бўлмайди",- деб айтган Стив Груз.

Расмий Дамашқ бу айбловни изоҳламаган.

"Янги қурбонлар"

Сурияда аксилҳукумат ҳаракатларида ҳалок бўлганларнинг сони 8 мингдан ошган.

Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеяси 66-сессиясининг раиси Носир Абдул ал-Азиз ан-Носир эълон қилган.

Қатарлик дипломатнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг кўпи аёллар ва болалардир.

Мухолифат фаоллари душанба куни Ҳомс шаҳридаги ҳужумларда камида 47 киши ўлдирилганини хабар қилишган.

Карм аз-Зайтун туманида танасида қийноқ аломатлари бўлган жасадлар топилган.

Сурия ҳукумати бу хабарни тасдиқлаган ва "қуролланган террористлар"ни қотилликларда айблаган.

"Аниқ таклифлар"

Суриядаги вазият сешанба куни Туркияда БМТнинг махсус элчиси Кофи Аннан ва Сурия миллий кенгаши ўртасида бўлиб ўтадиган музокараларда муҳокама этилади.

Олдинроқ бу ерда Туркия бош вазири Ражаб Тайип Эрдўғон билан учрашган Кофи Аннан вазиятни йўлга солиш кўп вақт талаб қилишини айтган.

Якшанба куни Дамашқни тарк этган БМТ элчиси Башар ал-Ассад билан Сурия можаросини ечилишини муҳокама қилгани, Сурия президенти олдига "аниқ талаблар қўйилган"ини билдирган.

Франс пресс агентлигининг хабар беришича, Сурия ҳукумати жаноб Аннаннинг таклифига 13 мартда жавоб бериши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ