Guardian Президент Асад ва рафиқасининг 'шахсий ёзишмалари'ни эълон қилди

Image caption Асмо Асаднинг мактубларидан унинг "шопинг"га ўчлиги англашилади.

Британияда чиқадиган "Гардиан" рўзномаси Сурия Президенти Башар Асаднинг шахсий ёзишмаларига бағишланган мақола чоп этган.

Унда айтилишича, рўзнома Президент Асад ва рафиқасининг уч мингга яқин электрон мактубларини кўздан кечирган.

Рўзномага кўра, Сурия раҳбарининг шахсий электрон манзили ва пароли мухолифат фаолларининг қўлига келиб тушган.

Маълум бўлишича, суриялик фаоллар 2011 йилнинг июнидан 2012 йил февралигача Асад ва рафиқасининг ёзишмаларини қўлга киритиш имконига эга бўлганлар.

Мактублардан Президент Асаднинг мухолифатга қандай қарши туриш борасида Эрон билан маслахатлашгани, исёнкор Хомс шаҳрининг Баба-Амр минтақасидаги хорижий журналистлар ҳақида батафсил маълумотлар олиб тургани, шунингдек, iTunes дан мусиқа ва филмлар юклаб олгани англашилади.

Улар орасида Гарри Поттер ҳақидаги филм ҳам бор.

"Гардиан"нинг ёзишича, қўлга киритилган хатлардан Қатар амирининг Президент Асад ва оиласига Сурияни тарк этганлари тақдирда бошпана беришни таклиф қилгани ўртага чиқади.

Президентнинг рафиқаси Асмо Асаднинг мактубларидан эса унинг "шопинг"га ўчлигини англаш мумкин.

"Бутун дунё Суриядаги намойишларнинг шафқатсизлик билан бостирилишини даҳшат ичида кузатиб турган, суриялик оддий одамлар озиқ-овқат танқислигидан азоб чекаётган бир пайтда Асмо Асад Париждан шамдон, стол ва қандилларни сотиб олиш учун минглаб доллар сарфлаган", деб ёзади "Гардиан".

Бу мавзуда батафсилроқ