Америкалик аскар Афғонистондан олиб кетилган

Пентагон раҳбари Афғонистонга келган Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Пентагон раҳбари Леон Панетти ўтирган учоқ келиб қўнганда машинада ёнғин чиққан

Америка ҳарбийлари 16 тинч афғон фуқаросини отиб ўлдирган америка аскарини Қувайтга олиб ўтган.

Америкалик аскарнинг кимлиги ҳануз ошкор этилмаган.

Қандаҳорда якшанба куни содир этилган қотиллик Қуръон ёқилишидан кейин таранг бўлиб турган халқаро кучлар ва афғонлар ўртасидаги муносабатни яна ҳам мураккаблаштирган.

Чоршанба куни Афғонистонга Пентагон раҳбари Леон Панетта етиб келган.

Жаноб Леон ўтирган учоқ Афғонистондаги асосий Британия ҳарбий базасига келиб қўнганда автомашинада ёнғин чиққан.

Қаттиқ қўриқланадиган Бастион базасида қандай қилиб портлаш содир бўлгани ҳақида турли фикрлар айтилмоқда.

Пентагон матбуот котиби Жон Кербининг айтишича, машина Панетти учоғи қўнадиган жойга катта тезликда етиб келган.

Машинада портловчи моддалар топилмаган, портлаш сабаблари ҳозирча номаълум экани айтилган.

Панетти ўтирган учоқ ҳодиса содир бўлгач, йўналишини тезда ўзгартирган ва бошқа жойга бориб қўнган.

Учоғда бўлганлардан ҳеч ким жабрланмаган.

Гувоҳлар машинада чақнашни кўрганларини айтишган.

Ҳарбийларга кўра, қидирув ишлари тугамагунча, бу ҳодисани портлаш деб аташ нотўғри.

Машина ҳайдовчиси базада ишловчи афғон бўлган. У ёнғиндан жиддий зарар кўрган ва касалхонага олиб кетилган.

Пентагон расмийлари тахминига кўра, аэродромнинг қўниш йўлагига кирган машина олдинроқ ўғирланган бўлиши мумкин.

Бундан олдин авиабазада бир неча марта бўлган Би-би-сининг Кобулдаги мухбири Квентин Соммервил унинг жуда қаттиқ қўриқланишини , шу билан бирга Бастион базаси дунёдаги энг тиғиз аэропортлардан саналишини айтган.

Пентагон раҳбари жаноб Панеттининг Афғонистонда икки кун бўлиши ва президент Ҳомид Карзай билан учрашиши режалаштирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ