Ҳуқуқ ҳимоячилари Россия ва Хитойга мурожаат билан чиқишди

Суриядан ўтаётган қочқинлар сони кескин ошган Фото муаллифлик ҳуқуқи afp
Image caption Туркия билан чегарадош Идлибдан ўтаётган қочқинлар сони кескин ортган

200 та ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларидан иборат Бутунжаҳон ҳуқуқ ҳимоячилари коалицияси Суриядаги аксилҳукумат намойишларининг бир йиллигида Россия ва Хитойни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга чақирган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Сурия ҳукуматидан зўравонликларни тўхтатишни талаб қиладиган резолюция қабул қилишни сўрашган.

Россия ва Хитой БМТнинг Сурия бўйича резолюциясига вето қўйишган.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Москва Башар Ал-Ассаднинг тузумини эмас, адолатни ҳимоя қилаётганини айтиб чиққан.

Чоршанба куни Сурия кучлари Дера шаҳрини ҳужумга тутганлар.

Туркия билан чегарадош Идлибдан ўтаётган қочқинлар сони кескин ортган. Чоршанба куни 1000 нафар қочқин чегарадан ўтган.

27 мамлакатнинг 200 та ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, жумладан Human Rights Watch, Christian Aid, инсон ҳуқуқлари масалаларини ўрганувчи Қоҳира институти ва инсон ҳуқуқлари бўйича Халқаро федерация Хавфсизлик кенгашига мурожаат қилиб, Сурия ҳукуматининг ҳаракатларини қоралаган.

"Сурияда бир йил давомида 8000 га яқин киши ўлдирилди, жумладан юзлаб болалар нобуд бўлди",- деган Қоҳира институти бош директори Зиёд Абдул Тавоб. "Бу зўравонликларни тўхтатиш учун бутун дунё ҳамжамияти ҳаракат қилишининг айни пайти эмасми?"

Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясининг президенти Соҳер Белхассеннинг айтишича, "Бир йилдан буён давом этиб келаётган тўхтовсиз қон тўкишларда қаҳрамонлик билан жон сақлаб келаётган Сурия халқига бутун дунё қараб, томоша қилиб турибди."

"Халқаро ҳамжамият бирлашиши ва Сурия халқига бу даҳшатларни тугатилишига ёрдам бериши керак",- деб айтган жаноб Белхассен.

Ҳуқуқ фаоллари Сурия ҳукуматини тинч аҳолига нисбатан ўт очишни, ноқонуний ҳибсга олишлар ва қийноқларни зудлик билан тўхтатишни, инсонпарварлик ёрдамларини тўлиқ етказилишига, журналистлар ва кузатувчиларнинг фаолиятига тўсқинлик қилмасликка чақиришган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро жамоатчиликдан Араб Лигаси ва БМТ махсус элчиси Кофи Аннаннинг ҳаракатларини қўллаб қувватлашни сўраган.

Кофи Аннан ўтган ҳафта Дамашқда президент Башар ал- Ассад билан учрашган,

Сурия ҳукуматига топширилган тинчлик режасида ҳар икки томоннинг келишувга риоя қилиши, инсонпарварлик ёрдамга тўсқинлик қилмаслик ва сиёсий мулоқотни бошлаш урғуланган.

Мухолифат фаолларига кўра, Сурия ҳукумати кучлари шимолий ғарбдаги Идлиб шаҳри устидан бир неча кунлик жанглар ортидан назорат ўрнатишган

Айни вақтда БМТнинг Сурия бўйича вакили президент Ассад унга таклиф қилинган тинчлик режаси бўйича жавоб йўллаганини айтган.

Жума куни БМТ Хавфсизлик Кенгашида Кофи Аннаннинг Сурия инқирозига бағишланган чиқиши кутилмоқда.

БМТга кўра, бугунга қадар Сурияда зўравонликлар оқибатида 8000 киши қурбон бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ