Шимолий Корея Ким Ир Сеннинг 100 йиллигига ракета учиради

Шимолий Корея ракета учиради Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Шимолий Корея ракеталар синови тинчлик мақсадлари учунлигини айтган

Шимолий Корея апрел ойида доҳий Ким Ир Сеннинг туғилган кунининг 100 йиллигини нишонлаб, ракета учиришини маълум қилган.

Япония ташқи ишлар вазири бу ҳаракат олдинги парвоздан кейин БМТ қабул қилган резолюцияни бузиш эканини айтган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгаши 2006 йилда ядро синовларини ўтказганидан сўнг Шимолий Кореянинг амалларини қаттиқ қораловчи ва жазо чораларини ўз ичига олувчи резолюция қабул қилган.

Резолюцияга мувофиқ мамлакатда баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришнинг ҳар қандай лойиҳаси таъқиқланган.

Ғарб дипломатлари Пхеньяннинг сунъий йўлдош учириш ҳақидаги гаплари орқасида узоқ масофага мўлжалланган ракеталарни синаш мақсади ётганлигидан хавотирларини билдиришган.

Ўтган ойларда Шимолий Корея узоққа учувчи ракеталар синовидан Америкадан озиқ-овқат ёрдамлари олиш ҳисобига воз кечиш масъулиятини олган эди.

Шимолий Корея қўшниси Жанубий Корея ядровий синовлар минтақавий тинчликка жиддий таҳдид эканини билдирган.

Шимолий Корея ўзининг лойиҳалари тинчлик мақсадларига йўналтирилганини, бу борада иккита синов ўтқазганини айтган.

Пхеньян расмийлари янги синов 12дан 16 апрелгача ўтказилишини билдиришган.

Шимолий Корея охирги марта 2009 йил апрелида синов ракетаси учирилгани ҳақида эълон қилган.

Пхеньяннинг мақсади, доҳийлар Ким Ир Сен ва Ким Чен Ир ҳақидаги қўшиқларни бутун дунёга узатиш бўлган.

Корея расмийлари парвоз муваффақиятли амалга оширилганини билдирган бўлсада, бошқа манбаалар буни тасдиқламаган.

Япония мудофаа вазирининг хабарига кўра, Шимолий Корея ракетасини ер орбитаси яқинига чиқара олмаган, учиш аппарати қайд этилмаган.

Бу Шимолий Корея ракетаси керакли тезликни йиғолмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Пентагон хабарига кўра ҳам орбитада янги йўлдош пайдо бўлмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ