Оила шаъни номидан зўравонлик қурбонлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бу аёллар ўз фарзандларини оилавий зўравонлик бўлмаган муҳитда ўстиришни хоҳлайдилар.

Парда тортилган деразалар, темир панжаралар, хавфсизлик камералари ва мониторлари - бу қаттиқ қўриқланадиган иншоот.

Мен Британиядаги аёллар бошпаналаридан бирига келдим. Унда айниқса осиёлик аёллар ва уларнинг фарзандлари жойлаштирилган.

Бу аёллар ўз турмушини дўзахга айлантирган оилаларидан қочишган.

Осиё ва Яқин Шарқ жамиятларида аёллар қандай ҳаёт кечиришини назорат қилиш оиланинг шаъни учун ўта муҳим ҳисобланади.

Йигит билан учрашиш, атир-упа суртиш ё ғарбона кийимларни кийиш, оиланг танлаган эркакка турмушга чиқиш ёки зўравон эрни тарк этиш оиланинг шаънига доғ туширишни англатиши мумкин.

Мен учрашган барча аёллар бу бошпанага келиш билан ўз ҳаётларини хавф остига қўйганлар. Улар аввало телекамерамиздан чўчийдилар, лекин мен уларни юзларини телевизорда кўрсатмаслигимизга ишонтирганимдан сўнг, аста-секин дардларидан сўзлай бошлайдилар. Ҳар бири ўзини даҳшатли ҳикоясига эга.

Бу аёлларнинг бари ёш келинчак бўлиб Покистондан олиб келинганлар. Сўнгра уларнинг паспортлари олиб қўйилган ва улар, одатда ҳеч қандай инглиз тили сабоғисиз, қулфлоқ эшиклар ортида сақланганлар.

Ташқи дунёдан бедарак, улар унсиз азоб чекканлар. Уй ишларига маҳкум этилган бу қизларга деярли қул дея қарашган.

Қавал Покистонда эмин-эркин ўсган, лекин Англияга олиб келинганидан сўнг нафақат эри, балки қайнонаси томонидан ҳам дўппосланган.

Қайнонам юзимга шундай урдики, қулоғимдан қон оқа бошлади. Ташқи дунё ҳақида ҳеч нима билмасдим, тилни ҳам билмасдим, шунга ҳеч кимга айтолмадим"- дейди у.

Зинадан итариб юборилганидан сўнг оёғи сингач, Қавални қайнонаси шифокорга олиб борган, лекин у бирон ёрдам сўрашга қўрққан.

"Мени маҳбусдек қулфлаб қўйишарди. Бир марта юқоридаги ётоқхонадан 13 кун чиқарилмадим", - дейди у.

"У ердан фақат юқори қаватдаги деразадан ошиб тушиб, ёки ўзимни ўлдирим қутулишимни ўйладим. Ҳаммаси якун топишини истагандим", - дейди Қавал.

Қавал ниҳоят қочишга муваффақ бўлди, ва қорда оёқяланг қочган бу келинчак бошпанага олиб келинди.

Ягона йўл

Британиядаги осиёлик аёллар орасидаги суиқасд даражаси ўртача миллий кўрсаткичдан уч баравар юқоридир. Зўравон оиладан қутулишга умиди қолмаган аёллар ўзларини ўлдиришни ягона йўл деб биладилар.

Ҳар йили Британияда 10-12та "шаън қотилликлари" амалга оширилади. Уларнинг бари қонли йўлларда юз беради.

Оила шаънига доғ туширган қизни ўлдириш учун одатда оиланинг бир неча аъзолари жалб қилинади, ва бундан деярли бутун оила хабардор бўлади.

Курд ва эроний маҳаллалардаги аёллар ҳам "шаън" билан назорат қилинади.

Мен билан суҳбатлашган курд қиз Лайло Британияга эри билан яшаш учун келган, лекин кўп ўтмай унинг нақадар беқарор ва зўравон эканига гувоҳ бўлган.

"У томоғимни қўллари билан бўғиб, сени ўлдириб, парча-парча қилиб кесаман ва ахлат халтасига солиб чиқариб ташлайман, ҳеч ким билмайди деди", - дейди у юмшоқ овозда.

Лайло зўравонликлар ортидан касалхонага тушди, лекин у хомиладор бўлгани учун эрининг олдига қайтди. Бироқ, аҳвол шунчалар ёмонлашдики, унга полиция аралашди ва Лайло бошпанага олиб келинди.

Лекин, эридан қочиш билан унинг ҳаётига бўлган таҳдид аримаган.

"Мен бошпанага келиб оиламнинг шаънига доғ туширдим, чунки Курдистонда бошпана жуда ёмон жой деб кўрилади", - дейди у.

Британияда оила шаъни деб қанча қотиллик амалга оширилишини ҳеч ким аниқ билмайди.

Эрон ва курд аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилот яқинда полиция статистикаси борасида тадқиқот ўтказиб, йилига 2,823та шундай жиноят содир этилишини аниқлади. Бу кунига деярли саккизта дегани.

Лекин, полиция идораларининг бир чораги ҳамкорлик қилмаган, ундан ташқари, кўплаб жиноятлар полицияга хабар қилинмайди. Шундай экан, ҳақиқий кўрсаткич бундан ҳам юқори.

Ҳозирда Британияда бу каби зўравонликлар ҳақида хабар бериш учун махсус телефон линияси ташкил қилинган.

Линияга асос солинганидан бери, унга келаётган қўнғироқларнинг сони икки баравар кўпайган ва бугунда кунига 500тани ташкил қилади.

Қўнғироқларга жавоб берадиган яширинча бинода мен ўзи ҳам аввал оилавий зўравонлик қурбони бўлган ходим билан учрашдим.

Нейна эрининг дўппослашларидан қочиб кетгани туфайли оиласи томонидан оқ қилинган.

"Қачонки у мени урса, ўзимнинг ота-онам "Нимага унга овозингни кўтардинг. Ўзинг шунга лойиқсан" дейишарди", - дейди Нейна.

Нейна ўз оиласи нега шундай йўл тутганини тушунади. "Улар учун жамият, қариндошлар ва маҳаллаю куйдан четлангандан кўра, ўз ўғли ё қизини оқ қилган осонроқ. Ҳамма нарса шу қариндошларни мамнун қилиш учун қилинади", - дейди у.

Ўзи ўлдириб кетилишидан қўрққан ё қўрқмаганлиги ҳақида сўраганимда, Нейна қўрққанини айтади. "Жуда тез-тез бўлиб туради, хатто ҳозир ҳам. Дадам аллақачон менга айтган, "Агар эрингдан ажралсанг, мени ўзим қилишни истамаган амалга мажбурлайсан" деган", - дейди у.

Ҳаммаси қаттиқ қўрқув остидан яшаётган эсаларда, мен суҳбатлашган аёлларнинг ҳеч бири зўравон оилаларига қайтиш ниятлари йўқлигини айтишди.

Уларнинг бари Британияда ҳаётларини қайтадан қуришни истайдилар, ҳамда таълим олиб, ўз фарзандларини оилавий зўравонлик бўлмаган муҳитда ўстиришни хоҳлайдилар.