Сурия пойтахтида жанглар давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сурия мухолифати ҳукуматнинг ўзини мазкур портлашларни атайлабдан уюштиришда айблаган.

Сурия пойтахти Дамашқда ҳукумат кучлари ва "Сурия озодлик армияси"нинг исёнчи гуруҳлари ўртасида қақшатқич жанглар бўлиб ўтмоқда.

Гувоҳларга кўра, Мезза туманида пулемёт ва гранатамётлардан отилган ўқ овозлари эшитилган.

Хавфсизлик кучларининг бир қанча муҳим объектлари жойлашган Дамашқнинг марказий туманларидан ҳисобланган Мезза алоҳида қўриқланиши айтилади.

Январ ойида исёнчилар қисқа муддат Дамашқ атрофидаги бир нечта туманларни ўз назоратлари остига олишган.

Меззада кўп маротаба аксилҳукумат намойишлари бўлиб ўтган.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, "жанглар Ҳамада супермаркетининг олдида бўлиб ўтган, бир қанча портлаш овозлари эшитилган.

Полиция бир қанча кўчаларга тўсиқ қўйган, кўчадаги электр чироқлари ўчирилган",- деб хабар беради Рейтер агентлиги мухбири.

Британиянинг Суриядаги инсон ҳуқуқлари кузатув кенгаши Дамашқдаги ҳужумларни "тартибсизликлар бошлангандан буён содир этилган энг шафқатсизи"деб атаган.

Кенгашга кўра, жангларда ҳукуматнинг 18 ҳарбий хизматчиси яраланган.

Якшанба куни Аполло шаҳрида машина портлаши натижасида камида икки киши ўлган, 30 киши жароҳатланган.

Икки кун олдинги портлашларда камида 27 полиция ходими ва оддий одамлар ҳалок бўлган, 97 кишининг яралангани хабар қилинган.

Сурия давлат телевидениеси ҳодисаларни "террорчилик ҳужумлари" эканлигини айтган.

Бироқ, Сурия мухолифати ҳукуматнинг ўзини мазкур портлашларни атайлабдан уюштиришда айблаган.

Портлашларда Дамашқ шаҳрида жойлашган хавфсизлик хизматининг икки биноси нишонга олинган.

Ҳодиса Президент Ассадга қарши қўзғолоннинг бошланганига бир йил тўлишидан икки кун ўтиб юз берган.

Портлаш ҳақида маълумотларнинг аксарини Сурия давлат телевидениеси бермоқда, деган Дамашқдаги Би-би-си мухбири.

Декабрь ва январь ойларида юз берган учта портлашда ўнлаб инсонлар ҳалок бўлганди.

Ҳукумат буларнинг ҳаммаси учун "террорчи" исёнчиларни айблаган.

Бироқ, Сурия мухолифати ҳукуматнинг ўзини мазкур портлашларни атайлабдан уюштиришда айблаган.

Дамашқнинг "тезкор"лиги маъқулланмаган

Халқаро Қизил Хоч ташкилотининг раҳбари Якоб Келленберг Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиш учун Москвага борган.

У инсонпарварлик ёрдамларини Сурияга етказиш учун расмий Дамашққа босим ўтқазиш ҳақида мурожаат қилиши айтилган.

Халқаро Қизил Хочга кўра, жабрланган туманларда яраланганларни кўчириш, озиқ-овқат ва дориларни одамларга етказиш учун томонларнинг ҳар куни икки соатлик ярашувлари жуда муҳимлигини таъкидлаган.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Даниел Сэндфордга кўра, жаноб Лавров Келленбенргга Россия Сурияга ҳайрихоҳ бўлса ҳам, унга босим ўтказа олмаслигини айтиши мумкин.

Россия ва Хитой Суриянинг асосий ҳамкорлари ҳисобланиб, икки марта БМТ резолюциясига вето қўйишган.

Мухбирларга кўра, Россия БМТ ва Араб Лигаси махсус элчиси Кофи Аннаннинг илгари сурган таклифларига расмий Дамашқнинг тезлик билан жавоб қайтарганини маъқулламаган.

Бир неча кун олдин халқаро ҳамжамиятнинг Сурия бўйича вакили Кофи Аннан янги кузатувчилар миссиясини жўнатишга ҳозирлик кўриш учун бир гуруҳ йўллашини эълон қилган эди.

Президент Ассаднинг бир йил олдин бошланган аввалига тинч намойишларни шафқатсиз равишда бостиришга уриниши оқибатида намойишлар ҳукумат ва мухолиф кучларнинг қуролли тўқнашувига айланиб кетган.

БМТ ҳисоботига кўра, мамлакатда ўтган йилдан буён қурбон бўлганларнинг сони 8000 дан ошган.

Бу мавзуда батафсилроқ