Олмония: ЎИҲга аъзоликда айбланган афғон устидан маҳкама бошланди

Ҳамбургдаги масжид
Image caption Ҳамбургдаги масжид Олмония ҳукумати томонидан беркитилган

Олмония ғарбидаги Кобленз шаҳрида асли афғонистонлик олмон фуқароси, Аҳмад Вали Сиддиқий, устидан ал-Қоида ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига аъзолик айблови билан маҳкама иши бошланди.

"Биз америкаликларга қарши жанг қилишни истагандик..," - деди Аҳмад Вали Сиддиқий

Ҳали ўсмир экан Олмонияга ҳижрат қилган Аҳмад Вали Сиддиқий, Покистонда ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, Афғонистондаги АҚШ кучларига қарши жанг қилишни режалаштирганини айтди.

У 2010 йил июлида Афғонистондаги АҚШ қўшинлари томонидан қўлга туширилган эди.

37 ёшли Сиддиқий, агар айбдор деб топилса, ўн йилга қадар озодликдан маҳркум этилиши мумкин.

Олмон расмийларига кўра, Аҳмад Вали Сиддиқий 2009 йилда шимолий Ҳамбург шаҳридан бўлган бир гуруҳ мусулмон ёшлари билан бирга АҚШ қўшинларига қарши жиҳод қилиш учун Афғонистонга йўл олган.

Ушбу гуруҳнинг бир неча аъзоси ё қўлга олинган ёда ҳалок этилган.

Гуруҳнинг бошқа бир аъзоси асли суриялик олмон фуқароси Рами Маканесий ўтган йил ал-Қоида гуруҳига аъзоликда айбланиб Франкфурт маҳкамаси томонидан 4 йилу 9 ойга озодликдан маҳрум этилганди.

Сиддиқий ўз сафдошлари билан Покистонга йўл олишидан аввал Ҳамбургдаги ал-Қудс масжидида учрашган, дейди Олмон истиҳбороти расмийлари.

Ал-Қудс масжиди Олмония ҳукумати томонидан беркитилган.

Прокурорларнинг даъво қилишларича, Аҳмад Вали Сиддиқий умумий ҳарбий машғулотни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати томонидан юритилувчи жамлоқлардан бирида олган.

У жамлоқда экан олмон тилида тайёрлаган тарғибот филми маҳкама пайтида намойиш этилган.

Сиддиқий 2009 йил ёзида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жамлоғини тарк этади ва ал-Қоида томонидан юритилувчи жамлоққа йўл олган, дейишади қораловчилар.

Ал-Қоида жамлоғида, уларга кўра, Аҳмад Вали Сиддиқий оғир қуроллардан фойдаланишни ўрганади ва 2010 йил июнида "юқори мартабали ал-Қоида аъзоси" унга Олмонияга қайтишни ва ташкилотнинг Оврўподаги бўлими фаоли бўлишни буюради.

Аҳмад Вали Сиддиқий Афғонистон пойтахти Кобулда Америка кучлари томонидан қўлга олиниб, ўтган апрелда Олмония ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилган.

Бу мавзуда батафсилроқ