"Ҳар куни аспирин қабул қилиш саратон хасталигининг олдини олади"

Image caption Аспирин саратонга қарши курашда муҳим восита бўлиши мумкин, дейишмоқда мутахассислар

Кўпчилик аспирин ҳапдорисини оғриқ қолдирувчи сифатида ишлатиб келган бўлса, ҳозирда унинг соғлиқ учун турли фойдали томонлари борлиги аниқланмоқда.

Медицина соҳасидаги охирги изланишларга қараганда, кам миқдордаги аспирин ҳапдорисини ҳар куни қабул қилиш саратон касаллигини олдини олади ва даволайди. The Lanset журналида эълон қилинган уч тадқиқот натижасига кўра, аспириннинг саратонга қарши таъсирини ўрганишда 77 000 мижоз иштирок этган.

Узоқ муддат давомида аспирин қабул қилган мижозлар ўртасида саратондан ўлим ҳолати уни қабул қилмаган мижозларга нисбатан камида 25 фоизга камайгани айтилган.

Кўпчилик одамлар аспиринни ҳар куни юрак хасталиги учун қабул қилишади.

Мутахассисларнинг айтишича, аспирин инсоннинг инфаркт ва инсульт бўлиш эҳтимолини қисқартирса ҳам, соғлом одамни юрак касалликлари билан оғришидан ҳимоя қилиши унча юқори эмас.

Шу билан бирга, узоқ вақт давомида аспиринни қабул қилиб юриш ичакдан ва ошқозондан қон кетишига сабаб бўлиши огоҳлантирилади.

Оксфорд университетининг профессори Питер Ротвелл ва ҳамкасблари томонидан аспирин қабул қилишдан кейин саратон билан, айниқса ичак саратони билан оғришнинг жуда паст даражада бўлиши аниқланган.

Уларнинг аввалги изланишларига кўра, саратонга қарши ҳимояни камида 10 йил давомида аспиринни узлуксиз қабул қилиб бориш билан ҳосил қилиниши айтилган.

Ҳозирги тадқиқотларга кўра, ҳимоя таъсири анча олдинроқ, тўрт-беш йил давомида пайдо бўлиши, 77 000 мижозга нисбатан ўтказилган 51 изланиш натижасида аниқланган.

Мутахассисларга кўра, аспирин нафақат турли хилдаги саратон хасталиги ривожланишини камайтиради, балки саратонни бутун танага тарқалиб кетишини ҳам тўхтатиши мумкин.

Ҳар куни 75-300 мг аспирин қабул қилиш саратон билан оғришни умумий ҳисобда кескин қисқартиради.

Аспирин саратондан ўлим ҳолларини беш йил ичида 15 фоизга қисқартириши, агар мижоз аспиринни қабул қилишда давом этса, бу фоиз 37 фоизга етиши мумкин.

Шунингдек, аспирин инфаркт ва инсульт бўлиш ҳолатларини қисқартирса ҳам, кучли қон оқишига сабаб бўлиши мумкин.

Лекин бу ҳолат аспиринни қабул қилиб юргандан кейин уни бирдан камайтириш ҳолатларида рўй бериши мумкин экан.

Профессор Ротвелга кўра, одамлар учун саратон билан оғримасликнинг энг муҳим талаблари чекишни ташлаш, спорт билан мунтазам шуғулланиш ва соғлом овқатланишдир.

Аспиринни қабул қилишни 45-50 ёшда бошлаб, узоқ давом эттириш ижобий натижа бериши мумкин.

Профессор Ротвелл ҳаммани зудлик билан аспирин қабул қилишга чорламайди.

Ҳали яна тадқиқот ўтказиш керак бўлган жиҳатлар борлигини, унинг кўрсатадиган асоратларини ўрганиш муҳимлигини айтади.

"Бу ишни бошлаш-бошламаслик ҳам кимнинг ўзининг иши",-дейди у.

Нима бўлганда ҳам аспиринни қабул қилиш ўйлаб кўрса бўладиган қадамлигини, аспирин саратонга қарши курашда муҳим восита бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Мутахассислар аспиринни уйқуга ётиш олдидан, ошқозонга зарарини камайтириш учун сут билан бирга ичишни маслаҳат беради.

Бу мавзуда батафсилроқ