Тулуздаги ҳужумларда гумонланаётган шахсни қўлга олиш амалиёти бошланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хавфсизлик кучларининг махсус бўлинмаси Тулуздаги аҳоли яшайдиган туманни ўраб олишган.

Тулуздаги яҳудийлар мактабида ўқувчи болаларни отиб ўлдирганликда гумон қилинган шахс яшайдиган уй махсус хизмат кучлари томонидан ўраб олинган.

Қотилликда гумонланаётган 24 ёшли Муҳаммад Мераҳ исмли шахс кун давомида таслим бўлиши кутилмоқда, деб хабар берган Франция ички ишлар вазири Клод Геан.

Би-би-си мухбири Кристиан Фрэйзернинг воқеа жойидан хабар беришича, ўраб олинган уйдан портлаш овози эшитилган.

Хабарларга кўра, айбланувчи билан музокаралар олиб борилмоқда.

У ўзининг "Кольт"45 калибрлик пистолетини деразадан улоқтирган.

Полицияга кўра, унда яна бошқа қурол бўлиши мумкин.

Клод Геаннинг айтишича, айбланувчи ўзининг "Ал-Қоида"га алоқадорлигини тасдиқлаган.

Унга кўра, айбланувчи икки полициячига қарата ўқ узиб яралаган.

Олдинроқ айбланувчининг бир укаси ҳибсга олинган, иккинчи укаси полицияга ўзи таслим бўлган, деб айтган Клод Геан.

Қўлга олиш амалиёти жойига 24 ёшли Муҳаммад Мераҳнинг онаси полиция билан ўғли ўртасидаги музокарага ёрдам бериш учун олиб келинган.

Жаноб Геанга кўра, айбланувчи "фаластинлик болалар ва Франциянинг Афғонистондаги жиноятлари учун ўч олиш" га аҳд қилганини айтган.

"Дастлабки икки ҳужумдан сўнг полиция уни кузатган. Кузатишлар натижасида бошқа ҳал қилувчи далиллар ҳам юзага чиққан", деб айтган Франция расмийларидан бири Франс преес агентлигига.

Хавфсизлик кучларининг махсус бўлинмаси Тулуздаги аҳоли яшайдиган туманни ўраб олишган. Одамларга ташқарига чиқмаслик буюрилган.

Франциядаги барча мактаблар сешанба куни машғулотлардан олдин бир дақиқалик сукут сақлашган.

Тулуздаги ҳужум қурбонларини дафн қилиш учун Исроилга олиб кетилган.

Ҳалок бўлганларнинг ҳаммаси битта қуролдан отиб ўлдирилганлиги тасдиқланган.

Барча ҳужумлардан сўнг қотил Yamaha TMAX 130 маркали мотоциклда воқеа жойидан қочиб кетган.

Қотиллик тафсилотлари 250 га яқин қидирувчи томонидан ўрганилаётгани айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ