'Уитни Хюстонни кокаин ҳалок этган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тиббий экспертиза хулосасига кўра, хонанда Уитни Хюстон ўлимига наркотик истеъмол қилиш ва юрак хасталиги сабаб бўлган.

Лос-Анжелес тиббий экспертининг сўзчиси Крейг Харвейнинг айтишича, наркотик моддалар учун ўтказилган ташхислар 48 яшар америкалик қўшиқчининг кокаинни муттассил истеъмол қилганини кўрсатган.

Экспертиза хулосаси Хюстон ўлимига етаклаган сабаблар ҳақида бир неча ҳафтадан буён давом этаётган миш-мишларга нуқта қўяди.

Уитни Хюстоннинг жасади 11 февраль куни Лос Анжелесдаги меҳмонхоналардан бирида ваннага ғарқ бўлган ҳолда топилган эди.

Қўшиқчи Лос Анжелесга "Грамми Мукофоти" кечасида иштирок этиш учун борган эди.

Лос-Анжелес округи тиббий эксперти идораси чиқарган баёнотда Хюстон “тасодифан” ҳалок бўлгани ва унга “ҳеч қандай жароҳат” етказилмагани таъкидланади.

Хюстон ўлими “атеросклеротик юрак хасталиги ва кокаин истеъмол қилиш” оқибатида юз берган, дейилади тиббий экспертиза хулосасида.

Хонанда қонида, шунингдек, марихуана, миорелаксант ва аллергияга қарши дорилар бўлгани аниқланган.

Бироқ, булар уни ўлимга етаклагани йўқ, дейилади тиббий баёнотда.

Қўшиқчининг менежери Патришиа Хюстон “Ассошиейтд Пресс” ахборот агентлигига шундай деган: "Токсиология натижалари бизни хафа қилган эса-да, бу ишга ниҳят якун ясалаётганидан мамнунмиз."

Поп юлдузи ўзи таваллуд топган Ню-Жерси штатида тупроққа қўйилган.

Унинг жанозасига дунёнинг кўплаб санъат юлдузлари борганлар.

1980-йиллар ўрталаридан 1990-йиллар охирига қадар дунёнинг энг машҳур қўшиқчиларидан бўлган Уитни Хюстон узоқ йиллардан буён наркотик моддаларга қарам эди.