BBC navigation

'Рўмолимизга қараб, террорчи демаcсиз'

Сўнгги янгиланиш 25 март 2012 - 14:25 GMT

Ҳалима-опанинг айтишича, рўмоли боис иш топа олмаётган кўплаб қизлар Исломий кийимлар марказига иш сўраб келадилар

"Кўплаб рўмолли қизлар иш сўраб келишади" - дейди Қозондаги Исломий кийимлар марказида ишловчи Ҳалима-опа -"Ҳижоблари боис бошқа жойдан иш топа олишмайди. Мана, ҳозир бизнинг марказда аксар шундай ҳижобли қизлар ишлайдилар".

Ҳижобга кирган татар қизлари журналистларга гапиришни хушлайверишмайди.

"Ишқилиб, бизни энди рўмолимиз учун ёмон, террорчи деб чиқармассиз?" - дея ҳадиксираб савол сўрашади мулоқотлар чоғида улар.

Шунда ҳам, айримлар юрак ютиб, муаммоларини тўкиб солишади.

"Мен олий маълумотли агрономман, лекин мана Исломий дўконда сотувчилик қилаяпман" - дейди ҳижобли Гўзал - "Қаерга борсам, ниманидир баҳона қилиб ишга олишмайди. Баъзилар эса намоз ўқийвериб, ишдан қоласан дейишади".

Бошқа бўлимда кийим-кечак сотаётган Мунавшан ҳам бу фикрни тасдиқлайди. У ҳисобчиликка ўқиган. Бироқ ҳеч қаерда ишга олишмагани боис эндиликда мусулмон кийимлари дўконида ишламоқда.

'Ҳижобли аёлларга ёвқараш бор гап...'

Татаристон Муслималар Иттифоқи раҳбари Ноила Зеганшина ҳижобли қизларни камситиш ҳолларини тан олади.

"Жамиятда ҳамон рўмол ўраган аёлга ёвқараш қилишади. Бу бор гап" - дейди "Маржоний" масжиди ёнидаги чоғроққина идорасида мен учрашган Ноила Зеганшина -"Лекин биз ҳозир расмийларга, вазирликларка чиқиб, бу аёллар ноқонуний камситилмоқда, деб айтаяпмиз. Вазирлар даражасида расмийлар ҳозир бунга эътибор қаратиб, ҳимоя қилишмоқда".

Ноила Зеганшина ҳижобли муслималар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ҳаракат қилади

Ўзи ҳам ҳали Совет давридан бери рўмол ўрашини айтган суҳбатдошим ҳозир муслималарни ижтимоий ҳаётга жалб этишга интилаётганини айтади. Бу ўринда энг самарали усул - диний манбаларга мурожаат этиш.

"Хадича онамиздан ўрнак олайлик. У киши жуда кўркам тижорат юритганлар. Ҳозир ҳам аёллар кийим-кечак сотиб, ҳалол маҳсулотлар чиқариб, тақволари буюрган тижоратларни юрита оладилар".

Лекин Ислом қайта уйғонаётган Татаристонда бу осон кечмаётган кўринади.

Кўплаб татар аёллари рўмол ўраш истагида. Аммо ишлари бунга йўл қўймаслигини айтишади.

"Жамият сени тушунмайди ва душманона кўз билан қарайди" - дейди Исломий адабиёт ва кийим-кечак харид қилаётган, аммо рўмолсиз Алфина.

Маҳаллий сиёсатдон ва олим Рафаел Ҳакимов рўмолли аёлларга босим йўқлигини айтади.

"Мана менинг ўз қўл остида рўмол ўрайдиган, тақводор қизлар ишлайди" - дейди олим ва котибаси ҳижобда эканини айтади.

Аммо аксар ҳижобли татар қизлари ё ҳижоб, ё иш деган танлов ўнгида қолишаётганини айтадилар.

Эътиқоди буюрган амални танлаган олий маълумотли қизлар эса бугун Исломий дўконларда сотувчилик қилишмоқда.

Рўмол ўраш истагидаги кўплаб аёллар эса бу ҳолни кўриб, бизнинг рўмиол ўрашимизга ҳали жамият тайёр эмас, дейишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.